Сурхондарёда ота фарзандининг 18 ёшигача тўланадиган 84 млн сўм алиментни олдиндан тўлади
Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг «Алиментларни олдиндан тўлаш, шунингдек, алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш бўйича гаров шартномасини тузиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори қабул қилинган. Мазкур ҳужжат билан алиментларни олдиндан тўлаш ёки алимент тўлаш мажбуриятини таъминлашда гаров тақдим этиш асослари белгилаб берилган.
Қарор ижроси доирасида Сурхондарё вилояти Денов туманида яшовчи ота фарзанди учун 18 ёшга тўлгунига қадар тўлаши керак бўлган алимент пулини аввалдан тўлаб қўйди. Бу ҳақда Мажбурий ижро бюросининг вилоят бошқармасига таяниб ЎзА хабар қилди.
Маълум қилинишича, фуқаролик ишлари бўйича Денов туманлараро судининг ижро ҳужжатига асосан қарздор Ғ.Хидировдан ундирувчи Б.Раҳмонованинг фойдасига вояга етмаган бир нафар фарзандининг моддий таъминоти учун алимент ундириш белгиланган.
Таъкидланишича, карантин даврида уйида қолаётган бир нафар фарзандининг моддий таъминоти ва мажбуриятини англаган қарздор Ғ.Хидиров алимент тўлаш мажбуриятини олган бўлса-да, фарзандининг 18 ёшгача бўлган алимент пулларини собиқ турмуш ўртоғи билан ўзаро келишган ҳолда олдиндан тўлаб беришини айтиб, Мажбурий ижро бюросининг Денов туман бўлимига мурожаат қилган.
Бюронинг давлат ижрочиси томонидан ҳисоблаб берилган 84 миллион 864 минг сўм алимент пулларини собиқ турмуш ўртоғи тўлиқ олгандан сўнг ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ижро ҳужжати тамомланди.
Қарздор отага нисбатан қўлланилган барча чекловлар бекор қилинган.