Юртимизда 13 июлдан 1 августгача қўшимча карантин чекловлари ўрнатилади
Республика махсус комиссияси қарори билан 2020 йил 13 июлдан 2020 йил 1 августга қадар республика миқёсида қўшимча равишда қуйидаги карантин чекловлари киритилди:
-сартарошхона ва гўзаллик салонлари фаолияти тўхтатилади;
-маҳаллий (ички) авиақатновлар ва темир йўл қатнови тўхтатилади;
-65 ёшдан ошган шахсларга “ўзини ўзи яккалаш” ҳаёт тарзига қатъий риоя этиш ҳамда сабабсиз уйдан ташқарига чиқмаслик тавсия этилди.
-Шунингдек, жорий йил 18-19 июль ҳамда 25-26 июль (шанба ва якшанба) кунлари бутун сутка давомида республика миқёсида ҳаракатланиш, автотранспорт воситаларининг, шу жумладан, йўналишсиз таксиларнинг ҳаракати тўлиқ тўхтатилади.
-Мазкур чеклов махсус рухсатнома (стикер)лар асосида ҳаракатланадиган автотранспорт воситаларига ҳамда Республика махсус комиссиясининг жорий йил 8 июлдаги қарори билан тасдиқланган автотранспорт воситалари ҳаракатланишига махсус рухсатномалар талаб этилмайдиган ҳолатларга нисбатан татбиқ этилмайди.
-18-19 июль ҳамда 25-26 июль (шанба ва якшанба) кунлари қуйидагилар тавсия этилади:
-аҳолига – “ўзини ўзи яккалаш” ҳаёт тарзига қатъий риоя этган ҳолда ўз уйларида қолиш;
-давлат органлари ва муассасалари, хўжалик бирлашмалари ҳамда бошқа ташкилотларга – ходимларни ишга жалб этмаслик, ходимларнинг ушбу кунларда уйда қолиши учун шароит яратиш.