Қачондан бошлаб умумтаълим мактабларига 1-синфга қабул бошланиши вақти маълум бўлди
6 июлдан 2020-2021 ўқув йили учун умумтаълим мактабларига 1-синф ўқувчиларининг қабул жараёни бошланмоқда. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги маълум қилди.
Пандемия шароитини инобатга олган ҳолда, 1-синфга ўқувчиларнинг ҳужжатлари қабул қилинади:
6-31 июль кунлари бириктирилган микроҳудуд доирасида;
1-25 август кунлари мактабларнинг имкониятидан келиб чиқиб микроҳудуддан ташқари.
Шунингдек, пандемия шароитида ота-оналарнинг мактабларда тўпланиб қолишининг олдини олиш мақсадида Тошкент шаҳрида тажриба-синов тариқасида илк маротаба 1-синфга борадиган ўқувчиларнинг ҳужжат топшириш жараёни qabul.maktab.uz орқали (5 июлдан) онлайн навбат асосида амалга оширилади. Дастур Тошкент шаҳрида муваффақиятли татбиқ этилса, кейинги ўқув йилидан бошлаб бошқа ҳудудларда ҳам босқичма-босқич жорий қилинади.
1-синфга қабул учун қуйидаги ҳужжатлар талаб этилади:
1. Директор номига ариза;
2. Боланинг туғилганлик ҳақида гувоҳнома нусхаси;
3. Ота-онанинг паспорт нусхалари;
4. Боланинг соғлиғи тўғрисида тиббий маълумотнома;
5. Боланинг 3,5 х 4,5 см ҳажмдаги 4 дона рангли фотосурати;
31 августга қадар 6,5 ёшга тўлмаган, 1-синфда ўқиш истагини билдирган болаларнинг ота-оналари билан умумтаълим муассасасининг педагог ходимлари ва психологи томонидан болани мактабда ўқишга тайёрлаш бўйича тушунтириш ишлари олиб борилади.
“Мактаб ёшига тўлмаган болани мактабга бериб қийнагандан кўра, мактабгача тайёрлов ташкилотларига юборган маъқул эканлигини яна бир бор эслатиб ўтамиз.
Фарзандингизни умумтаълим мактабларининг 1-синфига қабул қилиш билан боғлиқ саволлар, таклиф ва шикоятлар юзасидан туман (шаҳар) халқ таълими бўлимларига мурожаат этиш мумкин.
Ота-оналардан мактабларга ташриф давомида карантин қоидаларига қатъий амал қилиш ҳамда ижтимоий масофа сақлаш сўралади”, дейилади вазирлик хабарида.
Маълумот учун: 2020-2021 ўқув йилида республика бўйича жами 650 116 нафар бола 1-синфга қабул қилиниши режалаштирилган.