USD 12865.66
EUR 13510.23
RUB 125.14

COVID-19

Коронавирус COVID-19 Ўзбекистонда

Инфекцияланганлар

Соғайганлар

Вафот этганлар

Article

Навбахор тарихий ғалаба қайд этди!


  
Ўзбекистон Суперлигасининг 24-туридан ўрин олган баҳсда Навбахор ўз майдонида “Пахтакор” (Тошкент)ни қабул қилди.
Гарчи жорий мавсумда ҳар икки клуб ҳам чемпионлик ва Ўзбекистон кубогидан мосуво бўлган бўлсада, ҳали жамоаларда совриндорлар сафидан жой олиш имконияти борлиги, қолаверса, мазкур клублар принципиал рақиб бўлишгани, шунингдек, ушбу жамоалар ўртасидаги ўйинлар доимо муросасиз кечганлиги боис, мутахассислар ҳамда мухлислар томонидан мазкур беллашувга қизиқиш юқори бўлди.
Ўйин кутилганидек, шиддатли ва кескин курашлар остида кечди. Учрашувда 3 нафар футболчи - жамоамизнинг икки, меҳмонларнинг бир нафар аъзоси  “дубл”га эришди. 
Беллашув борасида тўхталадиган бўлсак, дастлабки дақиқаларданоқ устунликни ўз қўлига олишга интилган Сергей Лушан шогирдлари 3-дақиқадаёқ ҳисобни очишга муваффақ бўлишди.
Ўша вазиятда Жамшид Болтабоевнинг ўнг қанотдан меҳмонлар жарима майдончаси ичига оширган тўпини жамоамизнинг эронлик ярим ҳимоячиси Сияваш Ҳақназари меҳмонлар дарвозасига аниқ йўллади – 1:0.
Мазкур голдан сўнг, “лочинлар” ҳисобдаги фарқни ошириш, меҳмонлар эса мувозанатни тиклашга интилишди.         
36-дақиқада меҳмонлар стандарт вазиятдан сўнг, мувозанатни тиклашди. Жарима зарбасидан сўнг, тўпни қабул қилиб олган “Пахтакор” ҳужумчиси Улуғбек Ҳошимов коптокни чап қанотдан жамоамиз жарима майдончаси ичидаги жамоадоши Отабек Жўрақўзиевга етказиб берди. Жўрақўзиев эса дарвозани аниқ ишғол этди - 1:1.
Орадан 7 дақиқа ўтар-ўтмас, Тома Табатадзенинг ўнг қанотдан рақиб жарима майдончаси ичига ошириб берган тўпини Сияваш Ҳақназари дарвозага аниқ йўллаб, ўз “дубл”ини нишонлаган ҳолда, жамоамизнинг танаффусга 2:1 ҳисобидаги устунлик билан чиқиб кетишини таъминлади.
Иккинчи бўлимни ҳужумкор руҳда бошлаган “шерлар” 46-дақиқада мувозанатни тиклашди. Ярим ҳимоячи Отабек Жўрақўзиев ўз “дубл”ини нишонлаган ҳолда, ҳисобни тенглаштирди.
Учрашувнинг 56-дақиқасида тошкентликларнинг 2-бўлимда захирадан майдонга туширилган ярим ҳимоячиси Беҳрузбек Асқаров жамоамизнинг грузиялик ҳужумчиси Тома Табатадзенинг ҳимояланмаган оёқ қисмига зарба берганлиги боис, учрашув бош ҳаками Рустам Лутфулин VARга мурожаат қилган ҳолда, уни майдондан четлатди. Натижада Камолиддин Тожиев шогирдлари майдонда 10 киши бўлиб қолишди.
Вакилларимиз сон жиҳатидан устунликдан самарали фойдаланиш мақсадида, ҳужумни кучайтиришди.“Лочинлар”нинг ҳужумларидан бирида жамоамизнинг тажрибали ярим ҳимоячиси Жамшид Искандеров тўпни  рақиб жарима майдончаси ичидаги жамоадоши Тома Табатадзега ошириб, ўзи катта тезликда жарима майдончаси ёриб кирган ҳолда, яна Табатадзедан коптокни қабул қилиб, “шерлар” дарвозасини аниқ нишонга олган ҳолда, вакилларимизни ҳисобда олдинга олиб чиқди – 3:2.

Учрашувнинг асосий вақтига ҳакам томонидан қўшиб берилган илк дақиқалар давом этаётган пайтда “Навбаҳор”нинг захирадан майдонга туширилган футболчилари ўз маҳоратларини намойиш этишди. Чап қанотда Русланбек Жияновдан тўпни қабул қилиб олган Комилжон   Тожидинов коптокни тошкентликлар жарима майдончаси ичидаги жамоадоши Гиорги Никабадзега аниқ етказиб берди. Жамоамизнинг грузиялик ҳужумчиси Никабадзе “Пахтакор” дарвозасини аниқ нишонга олиб, ҳисобдаги фарқни янада оширди – 4:2.
Қўшиб берилган дақиқаларнинг сўнгги сониялари давом этаётган пайтда эса Cергей Лушан шогирдлари ҳисобнинг йирик кўриниш олишини таъминлашди. Ўша вазиятда жамоамиз cардори Азимжон Аҳмедов узун “пас” орқали тўпни Жамшид Искандеровга етказиб берди. Искандеров эса катта тезликда меҳмонлар жарима майдончаси ичига ёриб кириб, “Пахтакор” дарвозабони Владимир Назаров билан яккама-якка вазиятга чиқиб, дарвозани ишғол қилган ҳолда, “дубл”га эришиб, якуний ҳисобнинг йирик – 5:2 кўриниш олишини таъминлади.
Бу натижа Навбахорнинг Пахтакор устидан эришган энг йирик ғалабаси сифатида тарихга кирди. 

Доимо хабардор бўлинг

Барча янгиликлар сизнинг смартфонингизда Мобил иловамизни юклаб олинг