Наманган шаҳар ҳокими газетанинг биринчи муҳарририни хотирлади
Наманган шахар хокимлиги Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг Наманган вилояти бўлими билан ҳамкорликда “Хотира ва қадрлаш куни” муносабати билан ҳокимлик муассислигидаги газетанинг биринчи муҳаррири, марҳум Турғунпўлат Сулаймонов хонадонига йўқлов уюштирди.
Шу кунларда Наманган шаҳар ҳокимлигининг ижтимоий-сиёсий нашри “Наманган садоси” газетаси чоп этила бошлаганига 30 йил тўлди.
Таҳририят фаолиятини йўлга қўйиш, моддий-техник базасини шакллантириш каби ташкилий ишларни уддалашда газетанинг биринчи муҳаррири Турғунпўлат Сулаймоновнинг хизматлари катта бўлган, албатта.
Газета 1994 йилнинг 1 апрелидан чоп этила бошланган. Т.Сулаймоновнинг жамоат ишларида фаоллиги, ташкилотчилиги боис газета илк йиллардаёқ катта шуҳрат қозониб, 10 мингдан ортиқ ададда мухлислар қўлига етиб борган.
Бугун вилоят ва республика миқёсидаги босма нашрлар ҳамда телерадио каналларида хизмат қилаётган бир қатор таниқли журналистлар айнан шу газета таҳририятидаги жўшқин ижодий муҳитда тобланиб, элга танилганлардир.
Наманган шаҳрининг “Олвализор” маҳалласида яшаб, ижод қилган марҳум Турғунпўлат Сулаймонов хонадонига шаҳар ҳокими Анваржон Отахўжаев бошчилигида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Носиржон Деҳқонов, фахрий журналист Раҳимжон Ирисов, “Наманган садоси” газетаси муҳаррири Улуғбек Рўзиматов, шунингдек, маҳалла фаоллари ташриф буюрдилар.
Наманган шаҳар ҳокими Анваржон Отахўжаев нурли хотиралар битилган мактубни Турғунпўлат Сулаймонов фарзандларига топшираркан, самимий тилаклар билдирди.
Марҳум устознинг ўғлонлари Рашидхон, Рустамжон, Улуғбек, Нодимжон акалар ва уларнинг оила-аъзолари, қўни-қўшни, маҳалладошлар жам бўлган даврада Турғунпўлат Сулаймонов билан бирга матбуот соҳасида фаолият юритган Ҳабиб Саъдулла, Абдуқаҳҳор Ғаффорий, Эрмамат Нурматов, Алихон Халилбеков, Раҳимжон Ирисов, Нурбек Абдуллаев сингари илғор фикрли зиёлилар ҳақидаги хотиралар тилга олинди.
-Марҳум отамизни ёд этиб, шунчалар эътибор қаратганингиз учун оила аъзоларимиз номидан миннатдорлик билдираман, -деди оиланинг тўнғич келини Насибахон Сиддиқова.
Мақола муаллифи: Наманган Садоси газетаси бош муҳаррири У. Рўзиматов