"Олдимизда фақат битта йўл бор — ғалаба қозониш"
Ўзбекистон U-20 терма жамоаси ярим ҳимоячиси Аббосбек Файзуллаев Гватемалага қарши ўйин олдидан ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
— Бўлажак учрашувга тайёргарлик қандай кетмоқда?
— Бизни қўллаб-қувватлаётган барча ўзбек халқига миннатдорчилик билдираман. Биз буни ҳис қилиб турибмиз. Тайёргарлик авжида. Гуруҳ босқичининг сўнгги ўйини қолди. Олдимизда фақат битта масъулиятли йўл бор — ғалаба қозониш. Лекин бу ҳеч қандай босим юкламайди. Майдонга чиқишимиз ва ғалаба қозонишимиз керак. Бундан бошқа йўлимиз йўқ.
— Янги Зеландияга қарши ўйинда муҳим голлардан бирини урдингиз. Ўшанда қандай ҳиссиётларни бошдан кечирдингиз? Майдонда бевосита отангиз ҳам учрашувни кузатиб бораётганди.
— Жаҳон чемпионатида гол уриш ҳар бир футболчининг орзуси деб ўйлайман. Бундан ташқари, стадиондан туриб дадам қўллаб-қувватлаб турганди. Бу янада ўзгача ҳиссиёт тақдим этади. Гол ургач, уларга қарадим. Хурсандчилигини кўриб, бошқача бўлиб кетдим. Лекин бу голимни раҳматли тоғамга бағишладим.
— Янги Зеландияга қарши ўйин давомида сизни турли нуқтларда пайдо бўлганингизни кўрдик. Позицияни алмаштирган ҳолда ҳаракат қилиш мураббий кўрсатмаси эдими ёки ўз ташаббусингизми?
— Иккаласини ҳам тўғри деса бўлади. Чунки рақиб ҳимоячилари жуда зич ўйнашди. Шу боис, позиция алмаштириб, бўш зоналарни топишга ҳаракат қилдик.
— Осиё кубогида Холдорхонов билан ажойиб тандем ҳосил қилгандингиз. Мазкур турнирда эса ҳужумчимиз унчалик кўзга ташланмаётгандек таассурот қолдирмоқда. Бунга қандай муносабатдасиз?
— Холдорхонов жамоамиздаги энг кучли ҳужумчи деб ўйлайман ва ҳамиша уни қўллаб-қувватлайман. Худо хоҳласа, кейинги ўйинда гол уриб, ўзининг ёрқин ўйинини кўрсатишни бошлайди.
— Гватемаланинг қайси жиҳатини юқори баҳолайсиз?
— Рақиб тартибли ҳимояланади ва жанговар ўйин намойиш этади. Биз уларни ўрганиб чиқдик. Эртанги ўйинда уларга қарши чора кўрамиз.