Ўзбекистонда Президент номидан фойдаланган холда фирибгарлик фаолияти билан шуғулланувчилар сони ортмоқда
Ўзбекистонда Президент номидан фойдаланган холда фирибгарлик фаолияти билан шуғулланувчилар сони ортмоқда.
Балким буни сиз ҳам пайқаган бўлсангиз керак, ҳозирда Интернет ижтимоий тармоқларида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ёки Президент Администрацияси номидан пул маблағларини таклиф қилувчи турли хил Telegram сахифалари, гурухлари ҳамда каналлари жадаллик билан кўпаймоқда.
Бу – Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексига зид ноқонуний фаолият хисобланади.
Хўш бундай фирибгарлар қандай ишлайди?
Ижтимоий тармоқ фирибгарларининг ҳаммаси деярли бир хил кўринишда ишлайди. Улар одамларга турли сахифалардан мулойимлик билан ёрдам таклиф қилиб, пул маблағларини олиш учун ҳавола йўллашади.
Уларнинг сайтига ўтишингиз билан сиздан шахсий маълумотни (паспорт, пластик карта ва бошқалар) киритишингизни сўрайдилар. Шу тариқа одамлар фирибгарларнинг хийлаларини сезмасдан уларнинг тузоғига тушиб қолишади.
Кейинчалик мазкур маълумотлар орқали одамларнинг пластик карталаридаги мавжуд маблағларни ўз хисоб рақамларига ўтказадилар. Аслида эса фойдаланувчиларнинг ўзлари ўз хоҳиши билан пулларини фирибгарларга бераётган бўлади ва албатта бу пулларни қайтаришнинг деярли иложи қолмайди.
Бундай фирибгарлик фаолияти билан шуғулланишнинг ҳуқуқий оқибатлари қандай бўлади?
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) бўйича бундай қилмишларни содир этганлик учун фирибгарларга базавий хисоблаш миқдорининг 300 бараваригача жарима ёки беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади
Бундай фирибгарликларнинг олдини олишда қандай ёрдам бериш мумкин?
Биринчи навбатда агар сизга фирибгарлар томонидан шундай хабар келган бўлса, бефарқ бўлмасдан дархол барча маълумотларни Ўзбекистон Республикаси ИИВ фуқаролар мурожаатлари билан шуғулланувчи бўлимнинг 102 қисқа рақамига қўнғироқ қилиб масьул ходимларга етказинг.
Шундай қилиб, сиз ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига жиноятчиларни тезроқ топишига ва бошқа шахсларни ҳам пул маблағларини йўқотишдан ҳимоя қилишда амалий ёрдам берган бўласиз.