USD 12768.30
EUR 13960.86
RUB 131.15

COVID-19

Коронавирус COVID-19 Ўзбекистонда

Инфекцияланганлар

Соғайганлар

Вафот этганлар

Article

21 февраль – Халқаро она тили куни

ТИЛ – ТАРАҚҚИЁТ ТАРОЗИСИ

 

Эзгу сўз, эзгу иш ва эзгу ният,         

Ўзингга, элингга келтиргуси бахт.                                                                                  

                                                                     Робиддин ИСҲОҚОВ.

 

1999 йили Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 2000 йилдан бошлаб 21 февраль кунини Халқаро она тили куни сифатида нишонлаш тўғрисида махсус қарорини қабул қилган эди.  Шу сабабдан ҳам 1999 йил 17  ноябрида ЮНЕСКОнинг Бош анжумани томонидан эълон қилинган Халқаро она тили куни 2000 йил 21 февралидан бошлаб ҳар йили мунтазам лисоний ва маданият тараққиёт ҳамда кўп тиллиликни таъминлашга кўмак бериш мақсадида нишонлаб келинмоқда. Бу байрам учун ушбу сананинг танланиши анчайин ғамгин ва қайғули воқеаларга бориб тақалади. 1952 йилнинг 21 февралида ҳозирги Бангладеш давлатининг бошкенти, пойтахти – Дакка шаҳрида бенгал тилини мамлакатнинг давлат тилларидан бири сифатида эътироф этиш талаби билан тинчгина намойишга чиққан студентлардан бир нечаси полиция уларга қарата отган ўқдан ҳалок бўлганди. Қарангки, халқнинг эрк, озодлик, ҳуррият учун кураши, ўзлигини таниши, энг аввало, она тилининг мавқеи учун курашдан бошланар экан-да. Демак, бизлар ҳам 21 февраль – Халқаро она тили куни эканлигини  билиб қўяверсак, фойдадан сира ҳам холи бўлмайди-да.  

Тил – миллатнинг оламни эшитар қулоғи, кўрар кўзи, англар идрок тарзи ўлароқ ҳар бир қавмнинг тамомила ўзига хос яшаш интизомининг ўзанларини, низомларининг белгилаб беради. Ана шунинг учун ҳам она тили ҳар бир этноснинг беқиёс ва ардоқли бойлиги бўлиб, соҳиби бўлмиш элнинг қалбидаги ҳамиша ҳифзу ҳимоя қилинадиган ҳамият ҳисобланишини ўзингиз ҳам биласиз. 2003 йилнинг 21 февралида Халқаро она тили куни муносабати билан ЮНЕСКОнинг ўша пайтлардаги Бош директори Коичиро   Мацууро айтган қуйидаги сўзлар айни ҳақиқатдир: «Она тилига нима учун бу қадар эътибор берилмоқда? Мана шунинг учунки, тиллар инсоният ижодининг бутун ранг-барангликдаги бетакрор ифодасидир. Алоқа, идрок ва тафаккур қуроли сифатида тил, шунингдек, биз дунёни қандай кўришимизни тавсифлаб беради, ўтмиш, бугун ва келажак ўртасидаги алоқани акс эттиради... Ҳар бир инсонда туғилганиданоқ тилнинг муайян таъсирларни юзага келтиришига, яъни ҳатто кейинчалик инсон тағин кўплаб бошқа тилларга соҳиб бўлган чоғида ҳам мутлақо йўқолиб кетмайдиган, нарсаларни ўзига хос тарзда кўришни ато қилишига биноан она тили бетакрордир. Хорижий тилни ўрганиш – бу дунёни бошқача кўриш билан, бошқача ёндашувлар билан танишиш усулидир». 

Ҳар қандай тарихий воқеа, ҳодиса ва жараёнлар одамлар  иштирокида содир бўлади. Айнан шу маънода тарихни, ҳозирги даврда мавжуд 2000дан зиёд барча фанларнинг ҳам отаси, ҳам онаси – тарих фанини одамлар ва улар ўзи мансуб бўлган халқлар яратади. Одамлар ва халқлар бўлса мозийга оид хотираларини, ўтмишга доир билимлари, ҳис-туйғулари ва фикрларини айнан тил ёрдамида аждодлардан авлодларга етказиб берадилар.

 

Бахтиёр ИСОҚОВ.

Доимо хабардор бўлинг

Барча янгиликлар сизнинг смартфонингизда Мобил иловамизни юклаб олинг