USD 12825.43
EUR 13493.63
RUB 120.98

COVID-19

Коронавирус COVID-19 Ўзбекистонда

Инфекцияланганлар

Соғайганлар

Вафот этганлар

Article

Қорақалпоғистон ва Наманганда фуқароларга қисқа муддатда ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб беришни ваъда қилган ўргатувчилар ушланди

Қорақалпоғистонда иккита, Наманганда битта ҳолатда фуқароларга қисқа муддатда ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб бермоқчи бўлган ўргатувчилар ушланган.

 

Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг хабар беришича, департаментнинг Янги Наманган туман бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, “Ватанпарвар” ташкилотининг Наманган вилояти техник ва амалий спорт турлари маркази ўргатувчи устаси Х.М. фуқаро А.га 600 АҚШ доллари эвазига 15 кунда “B”,  “C” тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномасини ўқув машғулотларига қатнашмасдан олиб беришни ваъда қилиб, 300 доллар ва 3 млн сўм олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

 

Департаментнинг Хўжайли туман бўлими томонидан ИИВ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, “Ватанпарвар” ташкилотининг Хўжайли тумани кенгаши ўргатувчи устаси Г.У. ва фуқаро Ю.Б.лар фуқаро С.га ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб бериш эвазига 1,9 миллион сўм олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

 

Департаментнинг Нукус шаҳар бўлими томонидан ДХХ ҳамда ИИВ билан ўтказилган тезкор тадбирда, фуқаро Қ.А. фуқаро А.га гўёки ЙҲХБда ишловчи танишлари орқали ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб бериш эвазига 3 миллион сўм олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

 

Қайд этилишича, мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

 

Бундан олдин, Сирдарёда ва Сурхондарёда фуқарога 15 кун муддатда “права” олиб беришни ваъда қилган шахслар ушланганди.

 

Аввалроқ, президент Шавкат Мирзиёев автомактаблар бўйича бош прокурор ва вазирларга топшириқлар берганди.

 

26 январь куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида президент йўл ҳаракати қоидалари бузилиши ва авария ҳолатлари кескин ошаётганига эътибор қаратди. Президент ҳайдовчилик гувоҳномаси олишда порахўрлик одатий ҳолга айланганини танқид қилди.

 

“Шу ўринда, бир муҳим масалага барчанинг эътиборини қаратмоқчиман. Умуман, ҳайдовчилик гувоҳномасини ўқимасдан олиш оддий ҳолга айланиб қолди. Мана биз ўқиганмиз, уч йил ўқитарди. Ҳозир 3 ой ўқияпти, яна бормасдан гувоҳнома оляпти. Нима, Ўзбекистонда қонун йўқми? Шунинг учун авариялар сони соат сайин ошиб бормоқда. Агар биз ўзимиз тан олмасак, чора кўрмасак, давом этаверади. Бу муаммони бартараф қилиш учун, Давлетов, Бобожонов, Йўлдошев, аввало, ўқитиш тизимини тубдан такомиллаштириш, иккинчидан, ўқитмасдан ва ўргатмасдан гувоҳнома бериш «жинояти»га қарши жазони кучайтириш бўйича, бир ой муддатда қонунчиликка қўшимча киритиш юзасидан таклифларини беришсин”, деди давлат раҳбари.

 

 

 

Доимо хабардор бўлинг

Барча янгиликлар сизнинг смартфонингизда Мобил иловамизни юклаб олинг