USD 12640.21
EUR 13559.15
RUB 137.02

COVID-19

Коронавирус COVID-19 Ўзбекистонда

Инфекцияланганлар

Соғайганлар

Вафот этганлар

Article

ҚАТТИҚ МЕҲНАТ ВА КЎНИКМАЛАР МУВАФФАҚИЯТГА ЙЎЛДИР!

Хабарингиз бор, давлатимиз раҳбари июнъ ойида водийга ташрифи доирасида Фарғона шаҳридаги  Ўзбекистон-Корея халқаро университети (KIUF)да бўлиб, унинг фаолияти билан танишиб чиқди.  

Президентимиз биздаги олий таълим муассасаларида 1-курсда умумий фанлар ўқитилиши натижасида мактаб дастурининг яна қайтарилиши, бу эса  талабаларнинг бир йиллик умрини беҳуда совурилишига, ўқишга бўлган қизиқишини сўнишига  ҳам сабаб бўлишини таъкидлаб ўтди. Ривожланган давлатларда эса аксинча, биринчи босқичдаёқ мутахассислик фанлари ўқитилиб, амалиётга муҳим эътибор қаратилиши, ижтимоий ҳаётда ижобий натижаларга эришилиши исботлаб берилгани ҳаммага маълум. 

Шунингдек, юртбошимиз мутасаддиларга Жанубий Корея университетларидаги ўқув дастурлари ва соатларини ўрганиб, мамлакатимиз олий таълим тизимини ҳам қайта кўриб чиқиш, талабаларни амалиётга максимал йўналтириш бўйича қатъий кўрсатма берган эдилар.

Президентнинг KIUFга ташрифи ва унинг таълим масканига берган юқори баҳосидан келиб чиқиб, Университет ҳақида қуйидаги маълумотларни етказмоқчимиз. 

Мазкур халқаро таълим даргоҳи учун 10 миллион доллардан зиёд хорижий инвестиция жалб этилган ҳолда янги бино қурилиб, фойдаланишга топширилди.

KIUF Фарғона шаҳридаги (Корея Халқаро Университети) 2019 йил 23 августдаги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига мувофиқ ташкил этилган. Университетда ўқитиш тўлов-контракт асосида илғор ўқув режалари ва дастурлари бўйича ўзбек, корейс ва инглиз тилларида олиб борилади. Бу ерда 4000 талабани қабул қилиш имконияти бор. Жорий  ўқув йилида биринчи курсда 720 нафар йигит-қизларга кореялик 11 нафар тажрибали педагоглар  таълим беришди. Келгусида бу кўрсаткични 43 нафарга етказиш режалаштирилган. 

KIUF да 3 йиллик таълим ва Кореянинг бошқа университетларида (KIUF U-консорциуми бўйича Seojeong University, Shinhan University, Seokyeong University, Kookmin University, Sun Moon University)  1 йиллик таълимдан сўнг икки томонлама илмий даражага эга бўлиш мумкин бўлган ҳолда Корея университетлари билан саноат ҳамкорлиги ўрнатилган компанияларда (жами 1000 та компания) амалиёт ўташ ва ишга кириш имконияти берилган. 

Муассасада гуманитар ҳамда техник-муҳандислик йўналишларда таълим берилади. Туризм менежменти, мактабгача таълим, менежмент ва компъютерлаштирилган бухгалтерия ҳисоби, корейс тили ва адабиёти фанлари ўқитилади. Шунингдек, машинасозлик муҳандислиги, келажак автомобилсозлиги инжиниринги, электротехника ва электроника муҳандислиги, архитектура муҳандислиги, компъютер муҳандислиги, энергетика ва кимё муҳандислиги бўйича малакали мутахассислар тайёрланади. 

Битирувчиларнинг мақоми бутун дунёда тан олиниб, Ўзбекистон ва Корея Республикалари ҳамда бошқа ривожланган мамлакатларда олий маълумот сифатида баҳоланадиган даражага эга бўладилар.

40 йиллик тажрибага эга KIUFнинг шиори бу konatus – ҳаракат, fakultatem – кўникма, victoria – муваффақият! Яъни: Қаттиқ меҳнат ва кўникмалар муваффақиятга йўлдир!

-  Мен университет ректори Пак Жун Ху Ўзбекистон Республикаси замонавий саноат ривожи асоси бўлган малакали кадрларни етиштириб чиқаришда университетни беғараз бошқариб етакчи дунё бўйича юқори ўринларда турадиган университетга айлантириш менинг ниятим бўлиб таълим фалсафаси идеологияси бўйича қолган умримни Фарғона вилоятида таълим берувчи сифатида яшаб ўтмоқчиман. Сиз азиз талабаларга яна бир бор машаққатли меҳнат ва кўникмалар муваффақият калити эканлигини таъкидлаб сиқидилдан ўқишингизни сўраб қоламан – дейди мамнуният билан  Корея Халқаро Университети асосчиси ва ректори Пак Жун Ху. 

Водийда шундай салоҳиятга эга университет борлиги барча ёшларимизга яна бир катта ишонч, имконият дарвозаларини очиб турибди. Хуллас, мамлакатимизда таълимга эътибор, уни юксалтириш борасидаги ислоҳотлар замирида яқин ҳамкор давлат Жанубий Корея билан  ташкил этилган ушбу олийгоҳ ватандош талабалар учун ажойиб атмосфера, инновацион ёндашув ва муштарак қадриятлар асосида малакали мутахассис бўлиб етишишларига хизмат қилади!

Аҳрорбек АКБАРОВ,

Ўзбекистон "Миллий тикланиш" демократик партияси

Наманган вилоят Кенгаши мутахассиси,      

"Маърифат" тарғиботчилар жамияти аъзоси.

Доимо хабардор бўлинг

Барча янгиликлар сизнинг смартфонингизда Мобил иловамизни юклаб олинг