Шерзод Шерматов мактабларда бепул овқатланишни йўлга қўйиш ҳақида гапирди
Бугун, Тошкентдаги 129-мактабда Ўзбекистон халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ва Россия Федерацияси маориф вазирининг биринчи ўринбосари Дмитрий Глушко Ўзбекистонда рус тилини ривожлантириш бўйича меморандум имзолаш юзасидан учрашди.
Учрашув чоғида Дмитрий Глушко Россия федерациясида мактабларда бошланғич синфларда бепул овқатланиш ташкил этиш амалиётини қўллаётганлигини айтиб ўтди. Шунингдек, Шерзод Шерматовга ушбу янги тизимни ўрганишни тавсия этди.
Шерзод Шерматов Марказий Осиё давлатлари ичида Ўзбекистон энг катта демографик ўсиш кўрсаткичига эга ва аҳолисининг йирик қисми ёшлардан иборат бўлган мамлакат сифатида бошланғич синфларда бепул овқатланиш тизимини йўлга қўйиш мушкул эканлигини билдирди. Ҳамда, халқ таълими вазири COVID-19 пандемияси даврида мамлакат иқтисодиёти учун ҳам бу қийинчилик туғдириши мумкинлигини айтиб ўтди.