Шавкат Мирзиёев: «У отасининг ишларини давом эттириб, халқни рози қилади, деб ишонаман»
Нукусда 2 октябрь куни Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгесининг навбатдан ташқари 8-сессияси иш бошлади. Унда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам иштирок этмоқда.
Хабар беришларича, йиғилишни Жўқорғи Кенгес раисининг ўринбосари Атабек Давлетов очган. Сессиянинг котибияти сайланиб, кун тартиби тасдиқланган, Оқсоқоллар кенгаши ва Ҳисоб-саноқ комиссияси таркиби тузилган.
«Бугун қорақалпоқ элини, тупроғини, имкониятларини яхши билган, халқ таниган, турли масалаларни ҳал қила оладиган етакчини сайлаб олишимиз керак. Бердақ бобомизнинг доно сўзлари билан айтганда: «Халқнинг ғамини ўйлаган, Юрт ғамхўри керак менга’», — деб таъкидлаган йиғилишда сўзга чиққан Шавкат Мирзиёев.
Оқсоқоллар кенгашининг қарорига мувофиқ, Жўқорғи Кенгес раиси лавозимига Мурат Қаллибекович Камалов номзоди тавсия этилган. Президент Мирзиёев Мурат Камаловнинг «инсоний фазилатлари, фидойилиги ва раҳбарлик қобилиятини ҳисобга олиб», унинг номзодига ўз розилигини билдирган.
«Жўқорғи Кенгес депутатлари, жамоатчилик вакиллари сўзга чиқиб, номзодни қўллаб-қувватлади. Яширин овоз бериш йўли билан Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси раиси лавозимига Мурат Камалов сайланди», — дейилади Президент матбуот хизмати ахборотида.
Қорақалпоғистон Конституциясининг 80-моддасига мувофиқ, Жўқорғи Кенгеснинг раиси Қорақалпоғистон раҳбари ва энг юқори лавозимли шахсидир. Жўқорғи Кенгес раиси айни орган томонидан Ўзбекистон Президентининг розилиги билан ҳамда Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгесининг депутатлари орасидан яширин овоз бериш йўли билан Жўқорғи Кенгеснинг ваколати муддатига сайланади.
Эслатиб ўтамиз, 65 ёшли Мурат Камалов 2020 йил 20 сентябрь куни бўлиб ўтган навбатдан ташқари сайловлар вақтида Жўқорғи Кенгес депутати этиб сайланган эди. Сайловлар арафасида эълон қилинган номзодлар рўйхатидаги маълумотларга кўра, Экопартия аъзоси ҳисобланган Камалов сайловгача Президент ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация маркази директори лавозимида ишлаб келган.
Қорақалпоғистоннинг Мурат Камаловдан аввалги раҳбари ҳисобланган Муса Ерниязов 2020 йил 31 июль куни коронавирус инфекцияси асоратлари оқибатида вафот этган эди.