1 октябрдан қонунчиликда қандай ўзгаришлар кучга киради?
Алоҳида солиқ ва божхона имтиёзлари бекор бўлмоқда
2020 йил 1 октябрдан кучга кирадиган «Алоҳида солиқ ва божхона имтиёзларини бекор қилиш тўғрисида»ги 6011-сонли Президент фармонига кўра, Ўзбекистон Республикаси норезидентлари бўлган юридик шахслардан сотиб олинадиган ишлар (хизматлар) учун ҚҚС бўйича берилган имтиёзлар, Ўзбекистон Республикасида доимий муассасалар орқали фаолиятини амалга ошираётган юридик шахслар — норезидентлар томонидан амалга ошириладиган ишлар (хизматлар)га татбиқ этилмайди.
Шунингдек, тўғридан тўғри хорижий инвестицияларни жалб этган ҳолда ташкил этилган корхоналарга қайси солиқлар бўйича имтиёзлар қўлланиши Солиқ кодекси билан белгиланмоқда.
Кичик тадбиркорлик субъектларига солиқларни фоизсиз кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) ҳуқуқи берилган муддат тугайди
Ўз фаолиятини тўхтатган ва (ёки) товарлар (хизматлар) реализациясидан тушуми жорий йилнинг биринчи чорагидаги ўртача ойлик миқдорига нисбатан 50 фоиздан кўпроққа камайган микрофирма, кичик корхона ва якка тартибдаги тадбиркорларга солиқ органларини хабардор қилган ҳолда солиқларни фоизсиз кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) ҳуқуқи тақдим этилган муддат тугамоқда.
Асос: «Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент фармони
Якка тартибдаги тадбиркорлар учун ижтимоий солиқнинг ойлик энг кам суммасини БҲМнинг 50 фоизига қадар камайтириш тўхтатилади
Шунингдек:
ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорлик учун хўжалик юритувчи субъектларга жарималар қўллаш давом эттирилади;
солиқ органлари вақтинча қийинчиликларни бошдан кечираётган хўжалик юритувчи субъектларга мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ бўйича пенялар ҳисоблашни давом эттиради, шунингдек, солиқ қарзини мажбурий ундириш чораларини кўришни бошлайди.
Асос: «Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент фармони.
Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш, келишиш, қабул қилиш, ҳуқуқий экспертиза ва давлат рўйхатидан ўтказиш тўлиқ Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва келишишнинг ягона электрон тизими орқали амалга оширилади
Президент фармонига асосан идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш, келишиш, қабул қилиш, ҳуқуқий экспертиза ва давлат рўйхатидан ўтказиш 2020 йил 1 июлдан бошлаб синов тариқасида, 2020 йил 1 октябрдан бошлаб эса тўлиқ Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва келишишнинг ягона электрон тизими орқали амалга оширилади.
Асос: «Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент фармони.
Республика бюджети маблағлари ҳисобидан дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларни нашр этишда нархларни давлат томонидан тартибга солиш бекор қилинади
«Ноширлик ва матбаа соҳасини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент қарорига кўра, республика бюджети маблағлари ва Республика мақсадли китоб жамғармаси маблағлари ҳисобидан таълим муассасалари учун дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларни нашр этишда (қайта нашр этишда) нархларни давлат томонидан тартибга солиш (рентабелликнинг чекланган даражасини белгилаш) бекор қилинади.
Фондларга беғараз бериладиган пул маблағлари ва товарлар (хизматлар) фойда солиғини ҳисоблашда чегирилмайди
Ўзбекистон Республикаси президентининг «Коронавирус пандемияси даврида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонига мувофиқ, қуйидагиларни назарда тутувчи тартиб бекор бўлмоқда:
а) Ўзбекистон «Маҳалла» хайрия жамоат фондига, «Саховат ва кўмак» фондига, «Ўзбекистон меҳр-шафқат ва саломатлик» жамоат фондига, уларнинг бўлинмаларига, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан шакллантириладиган ижтимоий қўллаб-қувватлашга муҳтож бўлган жисмоний шахслар рўйхатига киритилган жисмоний шахсларга беғараз бериладиган:
пул маблағлари ва товарлар (хизматлар)га фойда солиғини ҳисоблашда чегириладиган харажатлар сифатида қараш;
товарларни (хизматлар) қўшилган қиймат солиғидан озод қилиш ва айланмадан олинадиган солиқ бўйича солиқ солиш объектига киритмаслик;
б) Ўзбекистон «Маҳалла» хайрия жамоат фондидан, «Саховат ва қўмак» фондидан, «Ўзбекистон меҳр-шафқат ва саломатлик» жамоат фондидан, юридик ва жисмоний шахслардан олинадиган беғараз ёрдам (пул маблағлари, товарлар ва хизматлар)га, агар ёрдам олувчи шахслар маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан шакллантириладиган ижтимоий қўллаб-қувватлашга муҳтож бўлган жисмоний шахслар рўйхатига киритилган бўлса, жисмоний шахсларнинг даромади сифатида қарамаслик.
Чет элдан хорижий валютадаги тушум тушиши кечиктирилишига йўл қўйган экспорт (импорт) қилувчиларга молиявий жарималар қўллаш тўғрисидаги аризаларни судлар томонидан кўриб чиқиш амалиёти тикланади
Шунингдек, карантин жорий этилган пайтдан бошлаб ва 2020 йил 1 октябргача бўлган даврда коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш учун киритилган чеклов чоралари туфайли молиявий қийинчиликларга дуч келган қарздор — юридик шахснинг банкротлиги тўғрисида иш қўзғатиш ҳақида аризалар келиб тушганда бундай аризаларни ИПК 154-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига мос ҳолда қабул қилиш рад этилиши, агар ариза иш юритишга қабул қилинган бўлса, иш бўйича иш юритиш ИПК 110-моддасининг 1-бандига мос ҳолда тугатилиши лозимлиги ҳақидаги қоида ҳам кучини йўқотмоқда.
Асос: «Судлар томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида коронавирус инфекцияси (COVID-19) тарқалишининг олдини олишга қаратилган чоралар жорий этилиши муносабати билан қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида»ги Олий суд Пленуми қарори
Нефть-газ тармоғидаги барча корхоналарда коррупцияга қарши «комплаенс-назорат» тизими жорий этилади
«Нефть-газ тармоғининг молиявий барқарорлигини ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент қарорида Давлат активларини бошқариш агентлигига Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ва Молия вазирлиги билан биргаликда 2020 йил 1 октябрга қадар нефть-газ тармоғидаги барча корхоналарда коррупцияга қарши «комплаенс-назорат» тизими жорий этилишини таъминлаш вазифаси юклатилган.
Ер участкаларига бўлган ҳуқуқларнинг вужудга келиши, ўзгариши, бошқа шахсга ўтишига оид янгича тартиб кучга киради
Президент фармонига кўра, ер участкаларига бўлган ҳуқуқларнинг вужудга келиши, ўзгариши, бошқа шахсга ўтиши, чекланиши ва бекор бўлишини назарда тутувчи қарорлар, аукцион ва танлов баённомалари, нотариал тасдиқланган битимлар ҳамда бошқа ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси Миллий географик ахборот тизимида давлат рўйхатидан ўтказилганидан кейин кучга киради.
Асос: «Ер ҳисоби ва давлат кадастларини юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент фармони.