Ўзбекистон Қозоғистон билан мунтазам авиақатновларни расман тиклади
Тошкент–Олмаота–Тошкент йўналиши бўйича қатновлар ҳафтанинг жума кунлари амалга оширилади.
Бугун, 11 сентябрь кунидан эътиборан Қозоғистон билан мунтазам авиақатновлар расман тикланди. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги хабар бермоқда.
Қайд этилишича, Ўзбекистон Транспорт вазирлиги Қозоғистон авиация маъмурияти билан халқаро мунтазам йўловчи авиақатновларини тиклаш бўйича олиб борган музокаралар якунига кўра Uzbekistan Airways ва Air Astana авиакомпанияларига сентябрь ойидан бошлаб паритет тамойили асосида Тошкент–Олмаота–Тошкент йўналишида мунтазам парвозларни бажаришни бошлаш бўйича келишувга эришилган.
Мазкур йўналиш бўйича қатновлар ҳафтанинг жума кунлари амалга оширилади. Бугундан эътиборан Uzbekistan Airways ва Air Astana авиакомпаниялари ушбу йўналишда парвозларни бажаришни бошлади.
Air Astana авиакомпаниясининг Олмаота – Тошкент – Олмаота йўналишида парвозни амалга оширган самолёти бугун соат 12:40да Ислом Каримов номидаги “Тошкент” халқаро аэропортига келиб қўнди.
Ушбу йўналиш бўйича учиш истагида бўлган йўловчилар батафсил маълумотларни авиакомпанияларнинг расмий сайтларидан олишлари мумкин, дейилади хабарда.