Мактабларда пандемия шароитида ўқув йилини бошлаш бўйича қўшма қарор лойиҳаси тайёрланди
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда пандемия шароитида таълим муассасаларида 2020-2021 ўқув йилини ташкил этишда амалга ошириладиган тадбирлар тўғрисида қўшма қарор лойиҳасини ишлаб чиқди.
БМТнинг болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) тавсиялари асосида яратилган ушбу қарор лойиҳасида “COVID-19” пандемияси даврида халқ таълими тизимидаги муассасалар маъмурияти, тиббиёт ходимлари, педагоглар, техник ходимлар, ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари учун алоҳида тавсиялар акс этган. Унга кўра:
Мактаб раҳбарларига:
мактабларда санитария қоидаларига риоя қилиш, жумладан, қўлларни мунтазам равишда ювиш жадвалини тузиш, қўл ювиш жойларини ҳозирлаш ҳамда уларни совун ва сув, шунингдек, ичимлик суви билан таъминлаш;
мактаб тасарруфидаги ўқув ва маиший биноларга кириб-чиқишда дезинфекция воситаларини жойлаштириш, синфхоналар шароитини ўқувчилар орасида масофа сақланишига мослаб қайта кўриб чиқиш;
мактабларда “эрталабки филтрлар” ва “изоляция” хоналари ташкил этиш ва бошқа вазифалар;
Педагогларга:
мактабларда гигиена кўникмаларини ва соғлом турмуш тарзи қоидаларини доимо тарғиб қилиш;
синф хоналари, сув ва санитария иншоотларини мунтазам тозалаш ва дезинфекциялаш, ўқувчиларнинг доимий равишда қўлларни ювиб туриши, масофа сақлаши ва шахсий гигиена қоидаларига риоя қилишини назорат қилиш;
хоналарни шамоллатиш ва дезинфекциялаш каби чоралар ҳамма учун фойда эканлигини ўқувчиларга ва уларнинг ота-оналарига қаратилган қисқа-қисқа суҳбатлар орқали тушунтириш ва бошқа вазифалар;
Тиббиёт ходимларига:
“эрталабки филтрлар” ишларини ва касаллик аниқланганда беморни зудлик билан изоляциялашни ташкиллаштиришда кўмак бериш;
дезинфекция воситаларини тайёрлашда мактаб ходимларига кўрсатмалар бериш;
маъмурият кўмаги билан ўқувчилар ва мактаб ходимларининг тиббий билим ва маданиятини оширишда иштирок этиш каби вазифалар;
Техник ходимларга:
сув, совун ва ювиш воситаларидан фойдаланган ҳолда ҳар куни 3 марта нам тозалашни ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган дезинфекциялаш воситаларидан фойдаланган ҳолда кунига 1 марта ва ҳафтада камида бир марта умумий тозалашни амалга ошириш;
дезинфекциялаш воситалари ва ювиш воситаларини ҳамда уларнинг ишчи эритмаларини ўқувчилар қўли етмайдиган жойда сақлаш ва уларни инфекцион хавфсизлигига жавобгар бўлиш ва бошқа вазифалар;
Ота-оналарга:
фарзандларига гигиена қоидаларини ўргатиш;
таълим муассасаси маъмурияти ва педагоглари билан маълумот алмашиш мақсадида доимий мулоқотда бўлиб, мактаб хавфсизлигини таъминлашга кўмаклашиш ва бошқа вазифалар юклатитиши кўзда тутилмоқда.