USD 11973.44
EUR 13282.14
RUB 144.53

COVID-19

Коронавирус COVID-19 Ўзбекистонда

Инфекцияланганлар

Соғайганлар

Вафот этганлар

Article

Фабио Каннаваро: "Ҳисоб 2:0 вақтида "моторни ўчириб қўйдик".

Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро Россия терма жамоасига қарши кечган ўртоқлик учрашувидан (2:3) сўнг матбуот анжуманида иштирок этди ва журналистларнинг саволларига жавоб қайтарди.
— Ассалому алайкум! Итальян тилида жуда кам гапираман, аммо сизга бўлган ҳурматим юзасидан саволимни итальян тилида тайёрладим. Сизнингча, қайси бири қийинроқ: Жаҳон чемпионатида Италия терма жамоаси сардори бўлишми ёки бугунги кунда барча сиздан натижа кутаётган бир пайтда бош мураббий сифатида ишлаш?

— Албатта, бош мураббий бўлиш қийинроқ. Чунки мураббий сифатида сиз жамоага, футболчиларга боғлиқ бўласиз. Кўп нарсани режалаштиришингиз, ташкил қилишингиз мумкин, аммо якунда барчасини футболчиларнинг майдондаги ҳаракати ҳал қилади. Футболчи бўлганингизда эса ҳаммаси ўз қўлингизда бўлади ва кўпроқ ўз индивидуал ўйинингизга боғлиқ бўлади.

— Иккинчи бўлимда Эронга қарши баҳсдан кейин ҳам сўраган ҳолатимизни яна гувоҳи бўлдик: икки нафар марказий ҳимоячи билан ўйнаганимизда, прессинг уюштириш учун улардан бири — бугун Абдумажидов ёки Ўрозов олдинга чиқиб ҳаракат қилди. Аслида бу анча таваккалчиликка асосланган ўйин, айниқса ҳозиргидек ҳимояда хатолар кузатилаётган пайтда. Бу ғоядан воз кечиш фикри туғилмадими? Умуман, ўтказиб юборилган голлардан келиб чиқиб, ҳимоядаги ўйин ҳақида нима дея оласиз?

— Йўқ, чунки биз юқори прессинг қўлламоқчи бўлсак, бунда майдондаги барча футболчилар иштирок этиши шарт. Акс ҳолда чизиқлар ва футболчилар ўртасидаги масофа очилиб кетади ва бу жуда хавфли тус олади — бундай вазиятда ҳар бир ўйинчи ўз рақиби билан бирга-бир (яккама-якка) ўйнаши лозим. Агар рақибнинг тўрт нафар ҳимоячисига қарши учта ҳужумчи билан прессинг қилсак, майдон марказида бизда битта ўйинчи кам бўлиб қолади. Шу сабабли баъзида марказий ҳимоячиларимизни ҳам юқорироқ чиқиб, прессингни қўллаб-қувватлашга ундаймиз. Бу ерда муаммо юқори прессингда эмас, балки ўз жарима майдончамиз ичида йўл қўяётган хатоларимизда.

Бугунги учрашувдаги асосий муаммо бошқа нарсада эди, деб ўйлайман. Биз яхши ўйин ўтказдик, бироқ ҳисоб 2:0 бўлиб турган паллада «моторни ўчириб қўйдик». Ўйин тақдирини ҳал қилдик ва ғалаба қозондик, деб ўйладик. Бу биз учун жуда катта дарс бўлди. Ҳакамнинг финал ҳуштаги чалинмагунча футбол тугамаслигини тушуниб етишимиз керак. 90, 95, ҳатто 98-дақиқагача ўйин ичида бўлиш шарт. Ҳозир кийиниш хонасида ҳам йигитларга айтдим: футбол баъзида жуда шафқатсиз ва адолатсиз бўлади. Қўпол сўз учун узр сўрайман-у, лекин яхши ўйнаб туриб ҳам мағлуб бўлганингизда футбол нақадар ёқимсиз нарсага айланишини ҳис қиласиз.

— Афсуски, 2:0 ҳисобида олдинда бораётиб, 2:3 ҳисобида имкониятни бой бердик. Ҳозир 4-3-3 схемасига ўтдик, аммо авваллари бизнинг асосий ишчи тактикамиз 3-4-3 ёки 5-4-1 ҳисобланарди. Ўзингиз ҳам таъкидлаганингиздек, ўн дақиқа ичида учта тўп ўтказиб юбордик ва йигитлар концентрацияни йўқотишди. Қандай фикрдасиз, балки расмий учрашувларда 2:0 ҳисобида олдинга чиқиб олганимизда, натижани сақлаб қолиш учун аввалги беш ҳимоячили схемага қайтишимиз маъқулроқми?

— Албатта, баъзида ўйиннинг сўнгги ўн дақиқасида жамоа қийналаётганини сезсангиз, майдонга яна бир ҳимоячи тушириб, уч марказий ҳимоячи билан ҳаракат қилиш мумкин. Аммо бугун муаммо тактик схемада эмасди. Ҳар сафар тизимни айбдор қилиб, уни ўзгартиравермаймиз-ку. Гап тажрибада, ўрганиш жараёнида ва ўйин тизгинини назорат қила билишда.

Бугунги баҳсни аввалги учрашувлар билан таққосласак, асосий фарқ тўп назоратида кўринди. Биз жуда кўп узун паслар билан ўйнадик ва тўпни оддий вазиятларда назорат қилишда кўплаб хатоларга йўл қўйдик. Тўпни бу тариқа кўп йўқотганингиздан кейин тўпсиз кўпроқ югуришга ва жуда кўп куч сарфлашга мажбур бўласиз. Ҳатто биринчи бўлимда ҳам шундай хатоларга йўл қўйдик. Россия ёки Жанубий Корея каби кучли терма жамоаларга қарши баҳсларда бизга кўпроқ характер ва совуққонлик керак, тўп билан кўпроқ муомала қилиб, вазиятни ўз қўлимизда ушлашга интилишимиз лозим. Албатта, келажакда ўйин давомида қийин ҳолатга тушиб қолсак, уч марказий ҳимоячи билан ҳам ўйнашимиз мумкин. Бироқ бугун жуда алам қилгани шуки, йигитлар яхши ўйин намойиш этишди — индивидуал хатоларни ҳисобга олмаса, уларга эътирозим йўқ, — лекин 2:0 дан сўнг ўйин тугади деб ўйлаб, тўхтаб қолишди.

— Ушбу ўйиндан ўзингиз учун қандай ижобий хулосалар олдингиз ва кейинги учрашувларда жамоада нималарни ўзгартиришга асосий урғуни қаратасиз?

— Бугун тунда ўйин видеоёзувини албатта қайтадан кўриб чиқаман ва бошқа ракурсдан таҳлил қилиб, аниқроқ хулосалар чиқараман. Умуман олганда, жуда жиддий ва кучли рақибга қарши яхши ўйин ўтказдик деб ҳисоблайман. Аммо футбол шунақа: бундай савиядаги жамоаларга қарши ўйинларда сизда «қотил инстинкти» («killer instinct») бўлмаса, яъни вазиятлардан максимал фойдаланмасангиз, жазоланасиз. Кеча ўйин олди матбуот анжуманида ҳам айтгандим: Жанубий Кореяда ажойиб ўйин кўрсатдик, лекин 0:2 ҳисобида ютқаздик; бугун яна яхши ўйнадик, аммо 2:3 ҳисобида мағлуб бўлдик. Тўғриси, баъзида чиройли ўйин кўрсатмасдан бўлса ҳам ғалаба қозонишни хоҳлайман. Футболда баъзан бешафқат бўлиш ва ҳимояда чидаб беришни ҳам билиш кераклигини тушуниб етишимиз зарур. Ҳозирги муаммомиз шундаки, йўл қўйган ҳар бир кичик хатомиз дарҳол ўтказиб юборилган гол билан якунланмоқда.

— Фабио, сизни Ўзбекистонда кўриб турганимиздан беҳад мамнунмиз. Ҳозирги пайтда сиздек даражадаги футбол афсоналари билан жонли мулоқот қилиш имконияти бизда кўп ҳам бўлавермайди. Шу боис Россия терма жамоаси ярим ҳимоячиси Алексей Батраков ҳақида сўрамоқчи эдим. У бугун майдонда катта ҳажмдаги ишни бажарди. Унинг Европанинг топ-клубларидан бирига ўтиши мумкинлиги ҳақида гап-сўзлар юрибди. Бугун унинг ўйинида нималарни кўрдингиз — бу шунчаки шов-шувми ёки у ҳақиқатан ҳам шунчалик кучли футболчими?

— Шубҳасиз, у жуда ва жуда яхши футболчи — буни шунчаки хушмуомалалик учун айтаётганим йўқ. У майдондаги вазиятни аъло даражада назорат қила оладиган, кўп фойдали ишларни бажарадиган, ҳам қисқа, ҳам узун пасларда бирдек яхши ўйнай оладиган сифатли ижрочи. У чиндан ҳам юқори савияли ўйинчи. Унинг кейинги фаолияти қандай кечишини билмайман, лекин уни порлоқ келажак кутиб турибди деб умид қиламан ва унга энг яхши тилакларимни билдираман.

— Бугун Абдуқодир Ҳусановнинг майдонда йўқлиги жамоа учун катта йўқотиш бўлди ва агар у сафда бўлганида 2:0 ҳисобини сақлаб қолган бўлардик, деб айта оласизми?

— Бундай тоифадаги гап-сўзларни ёқтирмайман. Албатта, Ҳусанов ажойиб футболчи, топ-ўйинчи, лекин у майдонда бўлган ўйинларда ҳам мағлубиятга учраганмиз. Мен бугун таркибда майдонга тушган йигитлар ўз вазифаларини яхши уддалашди, деб ҳисоблайман. Улар ҳали ёш, келажаги порлоқ ва янада ўсишга қодир футболчилар. Ҳозир мени натижадан кўра кўпроқ уларнинг шу каби баҳслар орқали тажриба тўплаши қизиқтиради. Ҳусанов борми ёки йўқми — мен фақат олдинга қарайман ва ихтиёримдаги, майдондаги футболчиларга ишонаман. Бугун яна икки нафар ёш футболчимиз дебют қилди ва ўзларини жуда яхши кўрсатишди. Мен доим позитив фикрлайман: агар биз юқори интенсивлик билан, диққат-эътиборни жамлаб, яхлит жамоа сифатида ўйнасак, ҳар қандай рақибга муносиб қаршилик кўрсата оламиз. Жаҳон чемпионатидан кейин ўтказган сўнгги тўртта ўйинимизга назар ташласам, ҳозир менда жамоага бўлган ишонч аввалгидан ҳам юқорироқ.

— Бугунги ўйин учун дастлабки режа қандай эди? Учрашувнинг бориши ва ўтказиб юборилган голлар режангизни ўзгартиришга сабаб бўлдими ёки охиригача дастлабки режа асосида давом этдингизми?

— Йўқ, ўйинга бўлган режамиз ўзгармади. Мақсадимиз — биринчи бўлимда бўлгани каби юқори прессингга асосланган футбол намойиш этиш эди. Ўзингиз ҳам кўрдингиз, биринчи таймнинг ўзида рақиб майдончаси яқинида 10–12 марта тўпни олиб қўйишга эришдик, фақат ҳужумларни тезкорлик билан якунлашда бироз оқсадик. Ўз ўйинимизни намойиш этган дақиқаларда жамоа аъло даражада ишлади. Афсуски, шундан кейин ўша ўн дақиқалик узилиш рўй берди. Футболда бир сонияга ҳам тўхтаб қолиш мумкин эмас. Очиғи, мен 2:0 ҳисобини ёмон кўраман — бу футболдаги энг алдамчи ва хавфли ҳисоб, айниқса биринчи бўлимдан кейин шундай натижа қайд этилса. Чунки бундай пайтда жамоанинг концентрацияси пасаяди ва иккинчи тайм жуда оғир кечади. Оқибатда тажрибасизлик туфайли ўн дақиқа ичида учта тўп ўтказиб юбордик. Аммо яна бир бор қайтараман: мен бу йигитларга жуда ишонаман, уларнинг машғулотларда қандай меҳнат қилаётганини, кучли терма жамоаларга қарши қандай курашаётгани ва югураётганини кўриб турибман. Мен футболчиларим билан фахрланаман.

— Учрашувнинг 60-дақиқасида амалга оширилган ўзгаришлар ҳақида нима дея оласиз? Назаримда, Диёр Холматов бугун ўйинга унчалик қўшилиб кета олмади, Руслан Жияновда ҳам хатолар кузатилди. Бугун захирадан ўйинчи туширишда хатога йўл қўйдим деб ҳисобламайсизми?

— Албатта, ўзгариш қилаётганда муайян футболчиларни танлайсиз, лекин бундай ўйинда 2:0 ҳисоби пайтида захирадан майдонга тушган ўйинчиларга ўйин ритмига киришиб кетиш осон бўлмайди — бу ерда гап кўпроқ жисмоний эмас, балки руҳий ҳолатда. Шубҳасиз, 2:0 ҳисобида олдинда бораётиб ўзгаришлар қилсангиз ва якунда 2:3 ҳисобида ютқазсангиз — бу менинг хатойим, мураббийнинг хатоси бўлади. Назорат учрашувида бизда 10 нафар футболчини алмаштириш имконияти бор эди ва барчага ўйин амалиёти беришга ҳаракат қилдик. Лекин бу ерда айб Диёрда ёки захирадан майдонга тушган бошқа бир футболчида эмас — ютқазса, бутун жамоа ютқазади. Мен майдонга тушган йигитлар учун жуда афсусдаман, чунки улар кучли рақибга қарши бор кучларини бериб курашишди ва тинимсиз югуришди. Натижа адолатсиз бўлди, аммо футболда 90 дақиқа давомида юз фоизлик концентрацияни сақлаб қолмасангиз, ғалаба қозониб бўлмайди.

Доимо хабардор бўлинг

Барча янгиликлар сизнинг смартфонингизда Мобил иловамизни юклаб олинг