Сергей Лушан: “Шогирдларим сифатли ва яхши ўйин намойиш этишди”
Суперлиганинг 25-туридан ўрин олган “Қизилқум” – “Навбаҳор” (1:5) учрашувидан кейинги матбуот анжуманининг биринчи қисмида жамоамиз бош мураббийи Сергей Лушан иштирок этиб ОАВ ходимларининг саволларига жавоб берди.
“Лочинлар” устози одатдагидек, ўз сўзини беллашув борасидаги фикрлари билан бошлади.
- Шогирдларим сифатли ва яхши ўйин намойиш этишди. Учрашув якуни ва натижасидан хурсандман.
- Одилжон Ҳамробековнинг асосий таркибда майдонга тушмаслиги сабаби нимада?
- Бу табиий ҳолат. У нафақат бизда, балки, терма жамоада ҳам алмаштирилмайдиган футболчи. Жамоанинг асосий футболчиси бўлса-да, Одилга дам бермоқчи эдик, бугун унинг хизматларидан умуман фойдаланмоқчи эмасдик. Лекин таркибимизда муаммолар бор эди, тўрт нафар футболчимиз дисквалификация сабабли, майдонга туша олмасди. Шунинг учун ўйинга қадар у билан гаплашиб олдик ва 15-20 дақиқа ўйнашини сўрадик.
- Олдингизда таркибни ёшартириш вазифаси қўйилган бўлса, бу ишни бошладингизми?
- Клуб стратегияси шундай бўлмоқда. Лекин келаси йили жамоада ким ишлашини билмаймиз. Тўғри, айни дамда клубдагилар таркибни ёшартиришни, клубдан чиққан футболчиларни, Суперлиганинг бошқа клубларидаги наманганликларни “Навбаҳор”га қайтаришни режа қилишмоқда. Режа шундай, аммо буни амалга ошира оламизми, йўқми, билмаймиз.
- Миш-мишларга қараганда “Навбаҳор”нинг кўплаб футболчилари “Нефтчи”га ўтармиш. Бу ҳақда нима дея оласиз?
- Бўлиши мумкин. Лекин миш-мишлар ҳақида бирор аниқ гап айтиб ҳам бўлмайди. Бу жуда қийин. Мавсум якунланганидан кейин кўрамиз. Футболчилар қаерни хоҳлашса, ўша ерга интилишади. Бу касб, бу ҳаёт. Бу борада бирор нарса дея олмайман.