Самвел Бабаян: “Қўлга киритган уч очкомиз билан мусобақа пешқадамига айланиб олдик”
Ўзбекистон Суперлигаси 7-туридан ўрин олган “Сўғдиёна” – “Навбаҳор” (1:2) жамоалари ўртасидаги учрашувдан кейинги матбуот анжуманининг биринчи қисмида жамоамиз бош мураббийи Самвел Бабаян иштирок этиб, ОАВ ходимларининг саволларига жавоб берди.
Самвел Вячеславович одатдагидек ўз сўзини ўйин ҳақидаги фикрлари билан бошлади.
- Бугунги тўқнашув чемпионатимиздаги энг қизиқарли ўйинландан бири бўлди, дея оламан. Йигитларга раҳмат айтаман, осон кечмаган баҳсда зафар қучдик. Мухлисларни ҳам ғалаба билан табриклайман. Бундай қийин учрашувлар жамоани тарбиялайди. Қўлга киритган уч очкомиз билан мусобақа пешқадамига айланиб олдик.
- Жамоангиз 2021 йилдан буён Жиззахда ғалаба қозона олмаётган эди. Бугун ҳам иккинчи бўлимда “Навбаҳор” футболчилари ҳимояга ётиб олишди. Бунга сабаб нима? Бу сизнинг кўрсатмангиз эдими ёки шогирдларингиз чарчаб қолишганмиди?
- Ҳар бир сериянинг қачондир ниҳояси бўлади. Бугун зафар қучдик ва мен фақат ғалабага оид саволларга жавоб бераман. Сизнинг саволингизни эса нотўғри деб ўйлайман. Йигитлар меҳнат қилишди, буни ўзингиз кўрдингиз. Биз учун қулай натижа бўлаётгани сабабли, биз шундай услуб танладик. Бу ерда жисмоний ҳолатнинг ҳеч қандай таъсири йўқ. Биз бугун ғалаба қозондик ва мен ҳам фақат ғалаба ҳақида гапираман.
- “Навбаҳор” жамоаси дарвозасига белгиланган пенальти ҳақида гапириб ўтсангиз? Ўша вазиятда 11 метрлик жарима зарбасини белгилашга асос бормиди?
- Пенальтидан ўз дарвозамиздан тўп ўтказиб юбордик ва ушбу гол бизга анча қийинчилик туғдирди. Голдан кейин фақатгина натижани сақлаб қолишга интилдик. Ҳакамнинг қарорини ўрганиб чиқишади, деган умиддаман. Ҳакамларнинг қарорини муҳокама қилишим нотўғри.
- Ўткир Юсупов ўйин сўнгида “Сўғдиёна” мухлисларига провокация қилди. Ушбу ҳолат ҳақида фикр билдириб ўтсангиз?
- Ўткир ҳақиқий профессионал спортчи. Юсупов бундай ишлар қилишига ишонмайман ва ўз кўзим билан кўрмаганман. У бироз қизишиб кетган бўлиши мумкин. Лекин Ўткир миллий терма жамоа дарвозабони ва “Сўғдиёна” мухлислари ҳам терма жамоада уни қўллаб қувватлашади. Қийин ва курашларга бой баҳс бўлгани учун барча футболчиларда эмоциялар кузатилди.
- Русланбек Жияновнинг ҳолати ҳақида маълумот берсангиз? Жиянов бугун майдонга тушмади...
- Жиянов бироз бетоб бўлиб қолган эди.Осиё кубоги финалида уни мажбурий тарзда захирага олишди. Мушаклари билан бироз муаммо бор эди. Шу сабабли, Русланни бугунги учрашувда майдонга туширмадим. Жияновни кейинги учрашувларга асрадик.
- Тома Табатадзенинг ўрнига ёш футболчи Иминжоновни майдонга ташладингиз. Бундай қийин учрашувларда ёш футболчига имконият бериш қанчалик тўғри? Ваҳоланки, ёш футболчининг ўйин темпига туша олмаслиги эҳтимоли юқори эди?
- Ўзгаришни Табатадзенинг ўзи сўради. Иминжонов эса ёш футболчи бўлишига қарамай, секин асталик билан тажриба тўплаб бормоқда. Бизга иккинчи қаватда яхши ўйнай оладиган футболчи керак эди, Иминжоновнинг бўйи ҳам баланд ва бош билан яхши ўйнай оладиган футболчи. У бугун яхши ўйнади деб ўйлайман.
- Фарғонадаги “водий дербиси”да дуранг қайд этилди ва икки жамоа ҳам очко йўқотди. “Навбаҳор”нинг чемпионлик учун имкониятлари янада яхшиланди. Кейинги баҳсда жамоа “Нефтчи”га қарши майдонга тушади. Ёрдамчиларингиз “Нефтчи”нинг бугунги учрашувини томоша қилишдими?
- Албатта йўқ. Бугун биз ўзимизнинг ўйинимиз билан банд бўлдик. “Навбаҳор” ўйнаб турган вақтда бошқа жамоаларнинг ўйинига чалғимаймиз. “Нефтчи” ҳам барчадек жамоа. Янги мавсумда барча жамоалар “Навбаҳор”га қарши алоҳида тайёргарлик кўришмоқда. Кучли ёки мусобақа жадвалининг сўнги ўринларида бораётган жамоа бўлса ҳам. Бугунги учрашувни таҳлил қилиб чиқамиз ва эртадан кейин рақибни ўрганишни бошлаймиз.
Mанба: “Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.