Ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олишга бағишланди
Ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг
олдини олишга бағишланди
Жиноятчиликка қарши курашиш ҳар бир давлатнинг жиддий ва муҳим масаласидир. Инсон тинч ва хотиржам яшашни истайди, албатта. Тинчлик бўлган жойда барака ва ривожланиш бўлади.
Мамлакатимизда ҳам жиноятчилик ва уни келтириб чиқарувчи шарт-шароитларни бартараф этишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда. Айниқса ёшларнинг ҳуқуқбузарлик ва жиноят йўлига кириб кетишларининг олдини олиш энг муҳим масалалардан биридир.
Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ташаббуси билан Наманган вилоят суди, вилоят маъмурий суди ва Наманган вилоят ёшлар иттифоқи ҳамкорлигида “Ёшлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликни барвақт олдини олиш”га бағишланган очиқ мулоқот ўтказилди.
Мулоқотда, пробация гуруҳи ҳисобида турган ва жазо ўтаётган ёшлар иттифоқи томонидан кафилликка олинган ёшлар ҳамда уларнинг ота-оналари иштирок этишди.
Мулоқотни вилоят судининг раиси Абдурасул Эранов кириш сўзи билан очиб, ёшларни турли салбий иллатлардан, ҳуқуқбузарлик ва жиноят содир этишига олиб келувчи таҳдид ва омиллардан асраш, уларга тўғри йўл кўрсатиш, эртанги кунимизга бефарқ бўлмаслик барчамизнинг фуқаровий бурчимиз эканлигини таъкидлади. Шунингдек, ҳуқуқбузарлик ёки жиноятни бир қисми тайинли бир иш жойига эга бўлмаган ёшлар томонидан содир этилаётгани, бундай шахслар томонидан ҳуқуқбузарлик содир этилишини олдини олишда аҳоли бандлигини таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини айтиб ўтди.
Шундан сўнг сўзни Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши раисининг ўринбосари Алишер Жалиловга берди.
Алишер Жалилов ёшларни маънавиятини ошириш ва касбга ўргатиш билан банд қилиб, уларнинг маънавий дунёсини бойитиш масаласига жиддий эътибор қаратиш лозимлигини, шунингдек, китоб ўқишни тарғиб қилиш, санъатни ривожлантириш, ёшларнинг иқтидорини намоён этиш спортга қизиқтириш, улар ўртасида ҳар хил танловлар, мусобақалар ўтказиш, муайян иш билан банд қилиш жиноятларнинг келиб чиқишини олдини олишга асосий омил бўлишини тушунтириб ўтди.
Эркин тарзда ўтган суҳбатда, айрим ёшларнинг содир этган жинояти хусусида ҳам сўз юритилиб, жазони ўташда унга қўйилган талаблар юзасидан мулоқот қилинди. Ёшлар қилган жиноятлари билан ота-оналарининг юзларини ерга қаратиб қўйишгани, маҳаллада ва ошна-оғайнилари ўртасида ҳам уялиб қолишгани хусусида сўз юритилди.
Очиқ мулоқот давомида сайёр суд мажлиси ўтказилиб, пробация гурухида ҳисобда туриб жазо ўтаётган ёшлар ва фуқаролар инсонпарварлик тамойили асосида жазодан муддатидан олдин шартли озод этилди.
Жумладан, 1996 йилда Наманган туманида туғилган И.М. 2020 йил 2 февраль куни соат тунги 01:30 лар чамасида Б.Ндан қарзини беришни талаб қилиб, жанжаллашаётган вақтида Наманган шаҳар Ички ишлар бўлими ходимларига бўйсунмасдан, уларга фаол қаршилик кўрсатиб, қўлида бўлган канцелярия пичоқчаси билан Ички ишлар ходимига тан жароҳати етказган.
Унга нисбатан ЖКнинг 219-моддаси 1-қисми билан жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар судининг томонидан 2020 йил 14 августдаги ҳукмига кўра 2 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.
И.М. ахлоқ тузатиш ишлари жазосини ўташ даврида интизомий ва маъмурий жавобгарликка тортилмагани, тузалиш йўлига тўлиқ ўтгани, иш жойи ва маҳалладан ижобий тавсифлангани инобатга олиниб Пробация бўлими томонидан И.М.ни ўталмай қолган жазосидан муддатидан олдин шартли озод этиш юзасидан судга тақдимнома киритилган.
Суд томонидан ушбу тақдимнома кўриб чиқилиб, И.М.ни 1 йил 3 ой ахлоқ тузатиш ишлари жазосидан муддатидан олдин шартли озод қилинди.
Мулоқот давомида ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларига ҳам жавоб олиб, ота-оналарни ҳам фикр-мулоҳазалари тингланди.
Тадбир сўнгида Судьялар Олий кенгаши томонидан ёшларнинг маънавиятини ўстириш мақсадида бадиий китоблар совға қилинди.
Илёсжон Усманов,
Вилоят суди судьяси