USD 12844.21
EUR 13508.26
RUB 127.35

COVID-19

Коронавирус COVID-19 Ўзбекистонда

Инфекцияланганлар

Соғайганлар

Вафот этганлар

Article

1 июлдан қонунчиликда нималар ўзгаради?

1 июлдан қонунчиликда нималар ўзгаради?
 

 

2021 йил 1 июлдан бошлаб Ўзбекистон қонунчилигида рўй берадиган айрим ўзгаришларни эслатиб ўтади.

 

Минимал пенсия ва нафақалар миқдори оширилади


Президент фармони билан 2021 йил 1 июлдан бошлаб Ўзбекистонда минимал пенсия ва нафақалар миқдори оширилади.

 

Патентлар, дори воситалари ва тиббий буюмларни рўйхатга олиш, жамоат транспорти ҳаракатига оид маълумотлар онлайн режимда жойлаштириб борилади

 

Президент фармонига асосан Ўзбекистон Республикаси Очиқ маълумотлар порталида давлат органлари ва ташкилотлари томонидан давлат харидларини амалга ошириш, патентлар, дори воситалари ва тиббий буюмларни рўйхатга олиш, жамоат транспорти ҳаракати, ер ресурсларидан фойдаланиш ва бошқа умумфойдаланишдаги статистик маълумотлар онлайн режимда жойлаштириб борилиши таъминланади.

 

Давлат ташкилотлари раҳбар ва ходимларининг семизлик даражаси, вазн индекси рейтинг асосида таҳлил қилинади ҳамда натижалари онлайн кузатиб борилади

 

Президент фармонига биноан вазирлик, идора, корхона, ташкилот, маҳаллий давлат ҳокимияти органларида фаолият олиб бораётган раҳбар ва ходимларнинг антропометрик кўрсаткичларини (семизлик даражаси, вазн индекси), бошқа ўткир касалликларни кескин камайтириш, саломатликни мустаҳкамлаш баҳолаш мезонларини ишлаб чиқиб, рейтинг асосида таҳлил қилиш ҳамда натижаларни онлайн кузатиб бориш тизими жорий этилади.

 

Ўрта тиббиёт мутахассисларига «ҳамширалик иши» билан мустақил шуғулланиш учун ўзини ўзи банд қилиш асосида фаолият юритишга рухсат берилади

 

Президент фармонига кўра, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш ва ижтимоий ҳимояни кучайтириш мақсадида 2021 йил 1 июлдан бошлаб ўрта тиббиёт мутахассисларига «ҳамширалик иши» билан мустақил шуғулланиш учун ўзини ўзи банд қилиш асосида фаолият юритишга рухсат берилади.

 

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Қўриқлаш бош бошқармаси ходимларининг лавозим маошига 20 фоиз миқдорда ойлик устама белгиланади

 

Президент қарорига асосан:

 

Қўриқлаш бош бошқармаси ходимларига ҳар ойда уларнинг лавозим маошига 20 фоиз миқдорда ойлик устама белгиланади;

 

 

 

Ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлашнинг тасдиқланган разрядларига кўра Қўриқлаш бош бошқармаси ишчи ва хизматчиларининг лавозим маошларини белгилашда тариф коэффициентлари ўртача икки бараваргача оширилган миқдорда қўлланади.

 


Солиқ тўловчиларнинг ҳисобини юритишда жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақамидан фойдаланишга ўтилади

 

Cолиқ органларида солиқ тўловчиларнинг ҳисобини юритишда жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақамидан фойдаланган ҳолда амалга оширишга ўтилади. Бунда солиқ тўловчининг идентификация рақамини бериш ва фуқарони жамғариб бориладиган пенсия тизимида ҳисобга қўйиш бўйича давлат хизматларини кўрсатиш бекор қилинади.

 

Давлат иштирокидаги корхоналарда кузатув кенгаши, ички аудит хизмати, кузатув кенгаши таркибида аудит қўмитаси ташкил этилади

 

Ҳукумат қарорига биноан 2021 йил 1 июндан бошлаб:

 

давлат иштирокидаги корхоналарда кузатув кенгаши, ички аудит хизмати, кузатув кенгаши таркибида аудит қўмитаси ташкил этилади;

 

 

 

давлат иштирокидаги корхоналар ижро этувчи органининг ҳисоботи ҳар чоракда камида бир марта кузатув кенгашининг мажлисларида, шу жумладан, видео-конференц-алоқа тизими орқали ва электрон овоз (e-VOTE) бериш йўли билан ўтказиладиган мажлисларда эшитилади;

 

 

 

акциялари фонд биржасининг биржа котировкаси варағига (листингга) киритилган ва давлат улуши 50 фоиздан ортиқ бўлган акциядорлик жамиятларида «мувофиқлик тизими» (комплаенс) хизмати ташкил этилади.

 


Янги қуриладиган, савдо майдони 15 минг квадрат метрдан ортиқ савдо-кўнгилочар комплексларида кинотеатр ташкил этиш мажбурий бўлади

 

Кинотеатрлар тармоғини ривожлантириш мақсадида Президент фармонига асосан 2021 йил 1 июлдан бошлаб янги қуриладиган савдо майдони 15 минг квадрат метрдан ортиқ савдо-кўнгилочар комплексларида жами ўриндиқлар сони 300 тадан ва кинозаллари сони 4 тадан кам бўлмаган кинотеатр ташкил этиш мажбурий ҳисобланади.

 

Давлат органларида хизмат автотранспорт воситаларининг давлат рақами белгилари янги кўринишда жорий этилади

 

Ҳукумат қарори билан давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларида хизмат автотранспорт воситаларини рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларининг янги типи жорий этилади.

 

Аҳолига сифатли тиббий хизматлар кўрсатиш қамровини кенгайтириш учун 10 мингта ўрта тиббиёт ходимлари штатлари ажратилади

 

Президент фармонига мувофиқ, оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникаларда «тиббиёт бригадалари» фаолиятини йўлга қўйиш, шунингдек, туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникалари томонидан аҳолига янада сифатли тиббий хизматлар кўрсатиш қамровини кенгайтириш учун 2021 йил 1 июлдан бошлаб 10 мингта ўрта тиббиёт ходимлари штатлари ажратилади.

 

Давлат органларида ўқитувчи жалб қилиб, ходимларни хорижий тилга ўқитиш амалиёти йўлга қўйилади

 

Президент қарорига биноан давлат органларида таълим ташкилотлари ўқитувчиларини шартнома асосида жалб қилиб, ҳафтада камида бир маротаба ходимларни хорижий тилга ўқитиш амалиёти йўлга қўйилади.

 

Беморларнинг гематология ва онкологияга ихтисослаштирилган давлат тиббиёт муассасалари йўлланмалари асосида томография текширувидан ўтиши билан боғлиқ харажатлари қоплаб берилади

 

Президент қарорига асосан 1 июлдан бошлаб:

 

гематология, онкология, клиник иммунология, трансфузиология ва шу соҳадаги лаборатория йўналишлари бўйича ёш мутахассисларнинг хориждаги етакчи илмий ва тиббиёт марказлари иш жойларида малака ошириши ва стажировка ўташи билан боғлиқ харажатлар Давлат бюджети ҳамда Онкогематологик ва даволаш қийин бўлган касалликларга чалинган беморларни соғломлаштиришга кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўлиқ қоплаб берилади;

 

 

 

беморларнинг онкология ва гематологияга ихтисослаштирилган давлат тиббиёт муассасалари йўлланмалари асосида позитрон-эмиссион томография текширувидан ўтиши билан боғлиқ харажатлари Давлат бюджетидан қопланади;

 

 

 

онкологик ва гематологик беморларнинг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардан республика ихтисослаштирилган марказларига темир йўл ва авиатранспорт воситалари орқали келиши билан боғлиқ харажатлар тегишли маҳаллий бюджетлар маблағлари ҳисобидан тўлиқ қоплаб берилади.

 


Туман (шаҳар)лар бюджетлари қўшимча манбаларининг камида 30 фоизи жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларга йўналтирилади

 

Бюджет маблағларини тақсимлашда туман (шаҳар)лар бюджетлари қўшимча манбаларининг камида 30 фоизи жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларга йўналтирилади. Шунингдек, ушбу жараён натижалари веб-сайтларда эълон қилиб борилади.

 

Оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотларига бир қатор енгилликлар берилади

 

Президент қарорига асосан 1 июлдан бошлаб:

 

оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотларига мавжуд қувватига қараб 50 нафаргача болани тарбиялашга ҳамда тарбияланувчилар сонидан келиб чиқиб 4 нафаргача тарбиячи ва ёрдамчиларни ёллашга рухсат берилади;

 

 

 

оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари томонидан ёлланган (Тошкент шаҳри, Нукус шаҳри ва вилоятлар марказларида — 2 нафаргача, бошқа ҳудудларда — 4 нафаргача) тарбиячи ва ёрдамчиларга тегишли тоифа бўйича қисқа муддатли ёки 9 соатлик давлат мактабгача таълим ташкилотлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш шартларида ва ҳажмларда Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан иш ҳақи тўланади;

 

 

 

оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари ҳудудий мактабгача таълим бошқармалари орқали ўқув материаллари билан бепул таъминланади.

 


Паррандачилик билан шуғулланувчи тадбиркорларга солиқ имтиёзи берилади

 

Президент қарори билан 2021 йил 1 июлдан 2024 йил 1 июлга қадар асосий фаолият тури паррандачилик бўлган тадбиркорлик субъектлари учун уларнинг асосий фаолият тури бўйича фойда солиғи (тижорат банкларида жойлаштирилган маблағлардан олинган фоизлардан ташқари), мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкаси 50 фоиз миқдорида қўлланилади.

 

Шаффофликни таъминлаш доирасида бир қатор маълумотларни очиқ эълон қилиш йўлга қўйилади

 

Президент фармонига асосан қуйидагилар тўғрисидаги маълумотлар Ўзбекистон Республикасининг Очиқ маълумотлар порталига (кейинги ўринларда — Портал) ва ўз расмий веб-сайтларига жойлаштирилиб, ҳар чоракда янгилаб борилади:

 

амалга оширилган давлат харидлари, шу жумладан, тўғридан тўғри шартномалар бўйича харид қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар);

 

 

 

мансабдор шахсларнинг хизмат сафарлари ва хориждан ташриф буюрган меҳмонларни кутиб олиш харажатлари (хизмат сафарининг ёки ташрифнинг мақсади, суткалик пул, транспорт ва яшаш билан боғлиқ харажатлар, бундан давлат сирлари ва хизматда фойдаланиш учун мўлжалланган маълумотлар мустасно);

 

 

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамаси ҳужжатлари билан солиқ ва божхона имтиёзлари ҳамда преференциялар, шу жумладан, индивидуал имтиёзлар берилган субъектларнинг бенефициарлари (якуний манфаатдор жисмоний шахслари), улар томонидан тўланган солиқлар ва молиявий кўрсаткичлар;

 

 

 

ўзларининг йиллик харажатлар сметаси ва унинг ижроси, шу жумладан, объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш ишлари, автомототранспорт воситаларини сотиб олиш харажатлари каби ўзгаришлар кузатилади.

 

 

 

Доимо хабардор бўлинг

Барча янгиликлар сизнинг смартфонингизда Мобил иловамизни юклаб олинг