НАМАНГАН ВИЛОЯТ СУДИ РАИСЛАРИ САЙЁР ҚАБУЛ ЎТКАЗДИ
Наманган вилоят судлари ва туман (шаҳар), туманлараро судлар томонидан жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириб бориш қонун устуворлигини таъминлаш ва қонунийликни мустаҳкамлаш борасида доимий равишда жойларда аҳоли ўртасида, ташкилотларда, таълим муассасаларда, маҳаллаларда ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ва сайёр қабуллар ўтказиб келинмоқда.
Хусусан, Наманган вилоят суди раиси А. Эранов ҳамда Наманган вилоят маъмурий суди раиси С. Турсунов томонидан Уйчи тумани халқ қабулхонасида туман, туманлараро суди раислари иштирокида фуқаролар билан очиқ мулоқот ва сайёр қабул ўтказилди.
Мулоқотда фуқароларга Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 8 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”, 2021 йил 12 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида” ҳамда 2021 йил 18 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ҳамда Жиноят-процессуал кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунлар мазмун-моҳияти, бир суд-бир инстанция тамойилининг аҳамияти хусусида тушунтиришлар берилди.
Шундан сўнг сайёр қабул ўтказилди. Қабулда 20 нафар фуқароларнинг жиноят ва фуқаролик ишлари, иқтисодий ва маъмурий низолар бўйича мурожаатлари тингланди ва ҳуқуқий тушунтириш берилди. Жумладан, алимент ундириш юзасидан 3 нафар, жазодан шартли озод қилиш юзасидан 6 нафар, низоли уй-жой юзасидан 4 нафар, меҳнат низолари юзасидан 2 нафар, моддий ва маънавий зарар ундириш юзасидан 1 нафар фуқаролар мурожаати бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилган бўлса, қолган 4 нафар уй-жой ажратишда амалий ёрдам беришни сўраган фуқароларнинг аризалари қабул қилиниб тегишлилиги бўйича туман ҳокимлигига топширилди.