Шавкат Мирзиёев 2021 йил учун Ўзбекистон бюджетини тасдиқлади
Давлат 2021 йилга бюджет қонунини имзолади. Унда бюджет даромади, харажатлари ва бюджетни қисқартириш тартиби кўрсатилган.
2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисидаги қонуни президент томонидан имзоланди. Қонун билан 2021 йил учун республика бюджетидан биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчиларга ажратиладиган маблағларнинг чекланган миқдорлари тасдиқланган.
Қонун билан 2021 йил учун асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар ва консолидациялашган Давлат бюджети прогнозлари ҳамда 2022–2023 йиллар учун бюджет мўлжаллари белгиланди.
2021 йил учун қуйидаги айрим тўлов ставкалари тасдиқланди:
мол-мулкни ижарага берувчи жисмоний шахслар учун белгиланган ижара тўловининг энг кам ставкалари;
товарларнинг айрим турлари билан чакана савдо қилиш ҳуқуқи учун ундириладиган йиғимларнинг чекланган ставкалари;
автотранспорт йиғимларининг ставкалари.
Қонунда таъкидланишича, Ўзбекистон Республикаси бюджет тизими бюджетларининг олти ойлик ижроси якунлари бўйича даромад прогнозлари бажарилмаган ва жорий молия йилининг охиригача уларнинг келиб тушиши учун етарли асослар мавжуд бўлмаган ҳолда, республика бюджети умумий харажатларининг 3 фоизи ва ундан ортиқ фоизи миқдоридаги харажатларни қисқартириш ҳукумат таклифига кўра, парламент томонидан амалга оширилади.
Республика бюджети умумий харажатларининг 3 фоизидан кам миқдоридаги харажатларни камайтириш Молия вазирлигининг таклифига кўра ҳукумат томонидан амалга оширилади.
2021 йил учун Ўзбекистон бюджети тақчиллигининг чекланган миқдори ялпи ички маҳсулотнинг 5,4 фоизи миқдорида белгиланди.
Маълумот учун, 2021 йилда консолидациялашган бюджет даромадлари 178 триллион 712 миллиард сўмни ташкил этиб, 2022 йилда ушбу кўрсаткич 208 триллионга етиши режалаштирилган. Хусусан, давлат бюджети даромадлари 2021 йилда 147 триллион сўм бўлиши кутилмоқда. Консолидациялашган бюджет харажатлари эса 216 триллион сўмдан ошиб, жумладан, давлат бюджети харажатлари 149 триллион сўм бўлиши кутилмоқда. Ушбу Қонун 2021 йил 1 январдан эътиборан кучга киради.