Олимлар коронавирусни икки дақиқа ичида йўқ қилиш усулини топишди
Тадқиқотни Ню-Жерсидаги Рутгерс тиббиёт мактаби илмий-тадқиқот институти ва минтақавий биологик хавфсизлик лабораториялари билан ҳамкорликда Colgate компанияси ўтказган.
Таркибида рух ёки қалай бўлган тиш пасталари коронавирусни икки дақиқа ичида 99,9 фоизга йўқ қилиши мумкин. Бу ҳақда Британия стоматология ассоциациясининг British Dental Journal нашрида чоп этилган тадқиқот натижаларида маълум қилинди.
Шунингдек, таркибида цетилпиридиний хлориди бўлган оғиз чайиш воситалари ҳам оғиздаги коронавирусни йўқотган. Бу унсурни тиш пасталари ва томоққа сепиладиган спрейлар таркибида ҳам учратиш мумкин.
Оғиздаги коронавирусни бутунлай йўқотиш учун цетилпиридиний хлоридили оғиз чайиш воситасига 30 сония керак бўлди, дейилади мақолада.
Тадқиқотни Ню-Жерсидаги Рутгерс тиббиёт мактаби илмий-тадқиқот институти ва минтақавий биологик хавфсизлик лабораториялари билан ҳамкорликда Colgate компанияси ўтказган.
«Цетилпиридиний хлориди хусусиятларидан коронавирусни даволашда эмас, балки унинг профилактикасида фойдаланиш керак», — деди Гамалея номидаги марказнинг бош илмий ходими Анатолий Альтштейн.
Унинг сўзларига кўра, цетилпиридиний хлориди SARS-CoV-2 вирусининг липид қобиғини емиради ва унинг йўқ қилинишига олиб келади. Шунинг учун коронавирус юқтирган бемор таркибида ушбу унсур бўлган восита билан оғзини тез-тез чайиб туриши лозим.