Самарқандда хотинига памперс едирган эркак иши бўйича суд ҳукми ўқилди
Самарқандда хотинини боласининг таглигини ейишга мажбурлаган ва бир неча йилдан буён уни таҳқирлаб келгани айтилган Ш.К.га суд ҳукми ўқилди.
Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди Ш.К.ни 6 йилга озодликдан маҳрум қилиш бўйича ҳукм чиқарди. Жазони ўташ 2020 йил 24 августдан бошлаб ҳисобланади.
Айбланувчига Жиноят кодексининг 103-моддаси 2-қисми (ўзини ўлдириш даражасига етказиш), 105-моддаси 2-қисми «г» банди (ўта шафқатсизлик билан баданга қасддан жароҳат етказиш) билан айблов эълон қилинди.
Ш.К. сўнгги сўзида суддан узр сўраб, бундай ишларни қайтиб қилмаслигини, уч ой ичида кўзи очилганини маълум қилди. У ўзига эълон қилинган айбловлардан рафиқасини ўз жонига қасд қилишга олиб бориш қисмини тан олмаслигини, уни калтаклаганини эса тан олишини айтди. Судда қатнашган жабрланувчи Мустаҳкам Ваҳобова судга ишонишини ва чиқарилган ҳукмдан розилигини билдирди.
Эслатиб ўтамиз, август ойида ижтимоий тармоқларда Самарқанд шаҳрида эри томонидан аёвсиз калтакланаётгани акс этган аёл видеоси тарқалганди. Кейинроқ эр аёлни мунтазам хўрлагани ва мажбурлаб памперс едиргани маълум бўлди. Айнан шу ҳолат ишнинг бутун мамлакат бўйлаб муҳокама қилинишига сабаб бўлди.