Сирдарёда ёш келин-куёв ис газидан вафот этди
Сирдарёда ёш келин-куёв ис газидан вафот этди. Бу ҳақда Сирдарё вилоят прокуратурасига таяниб «Sirdaryo Xabarlari» хабар бермоқда.
Қайд этилишича, Боёвут тумани ички ишлар бўлими навбатчилик қисмининг 2020 йил 6 ноябрь куни соат 13:35ларда берган хабарига кўра, Боёвут тумани, «Қаропчи» маҳалласида яшовчи фуқаролар 1995 йилда туғилган Ш.М. ҳамда унинг турмуш ўртоғи 1999 йилда туғилган Д.М. қўлбола усулда ясалган печдан чиққан из газидан кучли заҳарланиб, яшаш хонадонида вафот этган.
Судга оид тиббиёт экспертизасининг дастлабки маълумотига кўра, Ш.М. ва Д.М.ларнинг ўлими ис газидан заҳарланиш оқибатида келиб чиққанлиги қайд этилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Боёвут тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда.
Вафот этганларнинг турмуш қуришганига ҳали бир ой ҳам бўлмаганлиги, ёш келин-куёв эканликлари айтилмоқда.
Ис газидан заҳарланишдан ўзингизни ва яқинларингизни асранг: газ ҳамда электр жиҳозларидан эҳтиёткорона фойдаланинг, дейилади хабарда.