USD 12640.21
EUR 13559.15
RUB 137.02

COVID-19

Коронавирус COVID-19 Ўзбекистонда

Инфекцияланганлар

Соғайганлар

Вафот этганлар

Article

Самвел Бабаян - "Сурхон"га қарши кечган учрашувдан сўнг Юсуповнинг қаҳрамонлиги, Ўруновнинг формаси, чемпионлар лигасидаги ўйин ва бошқалар ҳақида

Coca Cola Суперлигаси 23-тури доирасидаги "Сурхон"га қарши ўйиндан кейин "Навбаҳор" бош мураббийи Самвел Бабаян ўз фикрларини билдириб ўтди.

- Мухлисларни ғалаба билан табриклайман. Ўйин жуда эмоционал бўлди. Чемпионлар лигасидаги ўйин кўп кучимизни олиб қўйди. Шу сабаб эмоционал ва жисмоний жиҳатдан чарчадик. Йигитларга раҳмат айтаман, нима қилиб бўлса ҳам натижага эришдик. Дуранг қайд этилаётган паллада ҳам футболчилар олдинга боришди, ҳужум қилишди. Сўнгги дақиқадаги Ўткирнинг қаҳрамонлигини таърифлашга тил ожиз. Жамоа сардори ва Ўзбекистоннинг энг яхши дарвозабони қаҳрамонлик кўрсатди. Ҳозирги кунда осон ўйинимиз йўқ, чунки барча жамоалар "Навбаҳор"га қарши борини беришади. Ҳамма "Навбаҳор"дан очко тортиб олишни хоҳлайди.
- Остон Ўрунов сўнгги икки учрашувида ўз голлари билан жамоага ғалабани тақдим этмоқда. Аммо бугун Остон учрашувни захирани бошлади. Бунга сабаб Остон 90 дақиқа ўйнай олмаслигиданми ёки захира ўриндиғида Остон каби ўйинни кучайтира оладиган футболчилар йўқлигиданми?
- Остон бизнинг сеҳрли таёқчамиз десак ҳам бўлади. Остон учрашувни асосий таркибда бошламаслигига битта сабаб бор, у жароҳатидан тўлиқ фориғ бўлгани йўқ. Агар соғлиғи талабга жавоб берса, у асосий таркибда ўйнаши аниқ.
- Жамоанинг ўйини Остон Ўруновга боғланиб қолгандек. Мавсум якунида жароҳатлар кўп. Қийин график ва бошқа сабаблар. Остонсиз ўтадиган ўйинларда жамоанинг режаси қандай? Остонсиз жамоани тасаввур қила оласизми?
- Менимча биринчи бўлимда яхши ўйин намойиш этдик. Гол урдик, ҳисобда олдинда эдик. Жамоанинг ўйини бир футболчига боғланиб қолиши яхши эмас ва мен бу ҳақида бир марта гапириб ўтган эдим. Ўзбекистонда бир футболчига яққол боғланиб қолган клуб бор. У футболчи майдонга тушмаса у клубнинг ўйини ва натижаси тушиб кетади. Биз Искандеров, Ўруновларсиз ҳам муҳим учрашувларда ўйнаганмиз ва бундан кейин ҳам ўйнай оламиз.
- "Навбаҳор" жамоасининг ҳужуми Остоннинг индивидуал маҳоратига боғланиб қолган дедик. Сўнгги дақиқаларда Юсупов пенальти қайтармаганида жамоа очко йўқотарди. Менинг фикримча, футболчиларнинг индивидуал ҳаракатларини ҳисобга олмасак. Жамоанинг ўйини яхши даражада эмас. Бунга сизнинг фикрингиз қандай?
- Фикрингизга қўшилмайман. Жамоавий ўйин қуриш учун биринчи навбатда тактик услуб, фалсафа ва чизиқлар боғламлиги бўлиши керак. Бундай жиҳатлар жамоада бўлмаса ўйин сифати ҳам бўлмайди. Фикрингизга мутлақ қўшилмайман. Биринчи таймда иккинчи голни урсак бўлар эди, аммо вазиятдан фойдалана олмадик. Агар ҳисобни 2:0га етказганимизда ўйинни хотиржам якунлаган бўлар эдик. Биринчи гол ҳам бутун жамоанинг иштирокида урилди. Биз катта босим остида ўйнамоқдамиз, сабаби биз ҳар бир ўйинда ғалаба қозонишни истаймиз ва хато қилишга ҳаққимиз йўқ. Жамоавий ўйин тизими тўғри йўлга қўйилмаган жамоа, хеч қачон "Ал-Ҳилол" билан дуранг ўйнамайди.
- Бугун рақиб аутдан гол уриб кетди. "Навбаҳор" таркибида эса барча ҳимоячиларнинг бўйи баланд ва бош билан яхши ўйнашади. Бугунги ўтказиб юборилган голда ҳимоячилар айбдорми?
- Ҳимоячиларимиз чарчашган. Улар "Нассажи"га қарши учрашувда 12 километр югуришган эди. Ҳимоячиларга бугун тетиклик етишмади. Аутдан ўтказилган гол бу хато ва биз бундай голлар ўтказиб юбормаслигимиз керак. Хатолар уларни ишлашда давом этамиз.
- Кейинги мавсумда Осиё чемпионлар лигаси янги форматда ўтказилади. Янги регламент бўйича фақатгина Ўзбекистон чемпиони чемпионлар лигасига йўлланмани қўлга киритади. Мавсум сўнгида барча муаммолар, жароҳатларни ҳисобга олган ҳолда. "Навбаҳор"нинг Осиё чемпионлар лигасининг "элита" дивизионига йўлланмани қўлга киритиш имкониятини қандай баҳолайсиз?
- Қисқа жавоб бераман. Биз ҳар бир ўйинни энг муҳими деб ҳисоблаймиз. Кейинги учрашувимиз "Насаф"га қарши. "Насаф" ҳам кучли жамоа ва бизни қийин учрашув кутиб турибди. Бизда икки вариант бор эди, барча турнирларда иштирок этиш ёки бир нечта мусобақаларни телевизор орқали томоша қилиш. Биз барча мусобақада иштирок этишни танладик.
- Учрашув якунланганидан сўнг кийиниш хонасига кетаётганингизда "Сурхон" футболчиси билан жанжаллашдингиз. Ўша вазиятда нима рўй берди?
- Ўша инсон ўз айбини билади. Умид қиламанки ўша футболчи ўзининг хатосини тушуниб етади ва мендан узр сўрайди.
- Айнан "Сурхон" жамоасига қарши қандай тайёргарлик кўрдингизлар?
- Биз жорий мавсум "Сурхон"га қарши учта учрашув ўтказдик. "Сурхон" бизни анча қийнаб қўйди. Фақатгина кубок ўйинида уларни иккита тўп фарқи билан мағлуб этдик. Ҳозир "Сурхон"да ишлаётган Токов ва Арслоновларни яхши танийман ва уларнинг ривожланишига ўз ҳиссамни қўшганман. "Сурхон" катта юлдузларга эга бўлмаса ҳам, жуда яхши жамоа" эканлигини такидлаб ўтди Навбахор клуби бош мураббийи. 

Доимо хабардор бўлинг

Барча янгиликлар сизнинг смартфонингизда Мобил иловамизни юклаб олинг