USD 12620.09
EUR 13599.41
RUB 136.73

COVID-19

Коронавирус COVID-19 Ўзбекистонда

Инфекцияланганлар

Соғайганлар

Вафот этганлар

Article

Буюк аждодларга эҳтиром

 

Буюк аждодларга эҳтиром

 

Ё рабки, иноятингни ёр айла манга, 

Йўқлуққа ҳидоятингни бор айла манга, 

Ҳар каҳфи кифоятингни дор айла манга, 

Ҳар дурри иноятинг нисор айла манга.

 

Алишер Навоий

 

Улуғ мутафаккир, сўз мулкининг султони Алишер Навоий ҳамда шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобурларнинг бой маънавий мероси асрлар оша бутун башариятни ҳайратга солиб, инсонлар қалбига, онгу шуурига эзгулик, инсонпарварлик, саховат, меҳр-мурувват зиёсини таратиб келмоқда. Мамлакатимизда улуғ бобокалонларимизга эҳтиром кўрсатиш, асарларини ўрганиш, уларни дунёда кенг тарғиб этишга доимий эътибор қаратилмоқда.

Алишер Навоийнинг бой ва серқирра ижодий меросини ҳар томонлама чуқур ўрганиш, унинг ўлмас асарларини юртимизда ва хорижий мамлакатларда кенг тарғиб қилиш ҳамда хотирасини абадийлаштириш мақсадида Президентимизнинг 2020 йил 19 октябрдаги “Буюк  шоир ва мутафаккир Алишер  Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди ва чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. 

Қарорда белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, Юртимизда Навоий асарларида теран ифода топган миллий ва умуминсоний ғояларнинг жаҳон тамаддунида тутган ўрнини ҳамда улуғ мутафаккирнинг адабий-илмий меросини мамлакатимизда ва халқаро миқёсда янада чуқур тадқиқ қилиш ва кенг тарғиб этиш мақсадида маънавий-маърифий тадбирлар ўтказиб келинмоқда.

Наманган вилоят судида ҳам “Буюк аждодларга эҳтиром” мазусида шеърият мулкининг султони Алишер Навоийнинг 580 йиллиги ҳамда шоҳ ва шоир, давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 538 йиллиги муносабати билан маърифий кеча ўтказилди. Маърифий кечада вилоят суди судьялари ва ходимлари иштирок этди.

Мазкур маърифий учрашувни вилоят суди раиси А.Эранов очиб берди ва Юртбошимиз томонидан имзоланган «Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги Қарори мазмун моҳиятига кенг тўхталди.

Шундан сўнг сўзни Наманган Давлат университети, Филология факультети адабиётшунослик кафедраси мудири, доцент М.Сулаймоновга берди.

М.Сулайманов сўз олиб мамлакатимизда мустақиллик йилларида бу икки мутафаккирнинг хотираси абадийлаштирилгани унинг жаҳон адабиёти хазинасига қўшган буюк ҳиссаси ҳамда чексиз истеъдодига бўлган юксак ҳурмат ифодаси эканини таъкидлади.

Улуғ шоир Алишер Навоий дунё адабиёти тарихида тенги топилмас бир сиймо ҳисобланади. Истеъдодининг улуғворлигию теранлиги жиҳатидан ҳам, халқпарвар давлат арбоби сифатида жамиятда тутган юксак мавқеи юзасидан ҳам, илм-фан, маданият ва санъат, адабиёт аҳлига кўрсатган ҳомийлиги жиҳатидан ҳам ўхшаши йўқ сиймо эканлигига тўхталиб ўтди. 

Шунингдек, маърузачи Ўзбекистон истиқлолга эришиш арафасидаёқ мамлакатимизда 1991 йил – “Алишер Навоий йили” деб эълон қилиниши замирида оламча маъно мужассам бўлганини изоҳлаб берди. Она тилига муҳаббат, унинг беқиёс бойлиги ва буюклигини англаш туйғуси ҳам бизнинг онгу шууримиз, юрагимизга аввало Навоий асарлари билан кириб келади. Бу бебаҳо меросни ўрганиш, ундан халқимизни янада кенг баҳраманд этиш, ёш авлод онгу шуурига буюк аждодимиз адабий-маънавий меросини сингдириш энг катта вазифамиздир.

Буюк бобокалонимиз Мир Алишер Навоийни бугун бутун дунё эътироф этамоқда, – дейди жиноят ишлари бўйича Наманган туман суди судьяси Н.Шарипова. – У зотнинг сиймоси мангу барҳаётдир. Мен Алишер Навоий ҳайёт ва ижодига қизиқаман, рубойи ва ғазалларини, асарларини мутолаа қилиб бораман. Алишер Навоийнинг таваллуд айёми халқимиз, бутун дунё учун адабиёт байрами десак арзийди, чунки, Алишер Навоий ўзининг ижоди, инсоний ғоялари билан бутун дунёда эзгуликни, инсонпарварликни, яхшиликни тараннум этган.

Маърузачи шоҳ ва шоир, давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаёти ва ижодига тўхталиб, Бобур ҳақида гап кетганда беихтиёр қалбимизда юртга муҳаббат, садоқат гавдаланади. Соҳибқирон Амир Темур авлодлари ичида Фарғона водийси аҳлининг жуда кўп фазилатларини ўзида мужассам этган шахс буюк, аждодларимиздан бири Заҳиридин Муҳаммад Бобур ҳаёти ва ижоди қарийб 5 асрдан буён катта қизиқиш билан ўрганилиб келинаётганини бу унинг асарлари жамият ҳаётида нақадар муҳим аҳамиятга эга эканини билдиришини таъкидлади.

Шунингдек, тадбирда Алишер Навоий ва Бобур ғазал ва рубойиларидан намуналар ўқилди. 

Бундай тадбирлар вилоятимизнинг бача туман (шаҳар), туманлараро судлари томонидан ҳам кенг нишонланмоқда.

 

Наманган вилоят суди жамоатчилик ва 

ОАВ билан алоқалар бўлими 

 

Доимо хабардор бўлинг

Барча янгиликлар сизнинг смартфонингизда Мобил иловамизни юклаб олинг