USD 12697.00
EUR 13547.70
RUB 135.05

COVID-19

Коронавирус COVID-19 Ўзбекистонда

Инфекцияланганлар

Соғайганлар

Вафот этганлар

Article

Тадбиркор ҳуқуқлари ҳимояси таъминланди

Мамлакатимизда ўтган йилларда хусусий мулкдорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясини таъминлаётган мустаҳкам қонунчилик базаси яратилди, давлат хизматлари кўрсатишнинг тўғридан-тўғри мулоқотсиз замонавий интерактив шакллари жорий этилиб, давлат билан ишбилармонлар ўртасида тизимли мулоқот йўлга қўйилди. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ўрта синфини шакллантириш, мамлакат иқтисодиётини барқарор ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли даромадларини оширишнинг энг муҳим омили сифатида кичик тадбиркорликни жадал ривожлантириш учун ишончли ҳуқуқий кафолатлар яратилди. 

Аҳолини тадбиркорлик фаолиятига янада фаол жалб этиш ва хусусий бизнесини бошлашга, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг барча босқичларида юзага келаётган муаммоларни ортиқча сарсонгарчиликларсиз ва қоғозбозликсиз тезкор ҳал этишга хизмат қиладиган бозор инфратузилмасининг барқарор ишлаши ва янада ривожланишини мувофиқлаштирувчи амалий механизмнинг самарали тизимини жорий этилди.

Таъкидлаш жоизки, туризм иқтисодиётнинг муҳим тармоқларидан ҳисобланади. Шу мақсадда ҳам Республиканинг туризм салоҳиятини, биринчи навбатда инвестицияларни фаол жалб қилиш, соҳага инновацион ғоя ва технологияларни жорий этиш, шунингдек, мамлакатнинг бой табиий, маданий ва тарихий меросининг мавжуд ресурслари ва имкониятларидан ҳар томонлама фойдаланиш ҳисобига ривожлантириш учун янада қулай шароитлар яратилди. Жумладан, Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси туризм салоҳиятини ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасида туризмни жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги , “Ўзбекистон Республикасида туризмни соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонларини эълон қилиниши фикримизнинг ёрқин ифодасидир.

Ушбу фармонлардан келиб чиқиб бугунги кунда мамлакатимизда туризм ва меҳмонхона фаолиятига ихтисослашган тадбиркорлик тармоқлари кенгайди. Мазкур йўналишда фаолият юритаётган тадбиркорлар учун ўзини тиклаб олишларига қўшимча имтиёзлар яратилмоқда.

Айниқса ҳозирги синовли пандемия даврида туризм соҳасида бироз қийинчиликлар кузатилаётгани боис, жорий йил 1 апрелдан 1 июлгача туристик ёки меҳмонхона йиғимини ҳисоблаш ва тўлаш тўхтатилди. Шунингдек, 1 апрелдан 31 декабрга қадар туроператорлар, турагентлар ва туризм соҳасида меҳмонхона ёки жойлаштириш хизматлари кўрсатувчи субъектлар юридик шахслардан олинадиган ер солиғи ва юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни тўлашдан озод қилиниб қўшимча яна кенг имтиёзлар берилди.

Шундай имтиёзлар яратилганига қарамай айрим мутасадди ташкилотлар тадбиркорларни сарсон қилиб уларга яратилган имтиёзлардан фойдаланишга шароитлар яратиб беришни орқага суришгани боис суд томонидан уларнинг ҳуқуқлари тикланмоқда.

Шу ўринда бир амалий мисолга эътибор қаратсак, “Ravon Avto Tex Centre”, “Namangan zoobreeding”, “Namangan auto-tex-xizmat” маъсулияти чекланган жамиятлари яратилган имтиёзлардан фойдаланиб Жанубий Корея Республикасидан HYUNDAI PALISADE (GASOLINE) ҳайдовчи билан қўшиб ҳисобланганда 8 ўриндиқли автотранспорт воситаларини 8 донасини Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 3 февраль кунги ПФ-5326-сонли “Ўзбекистон Республикаси туризм салоҳиятини ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонида белгиланган имтиёзларга асосан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб келишган ва божхона терминалига жойлаштириб, белгиланган тартиб таъмойилга асосан Наманган вилоят божхона органларига божхона юки декларацияси топширилган.  Аммо Наманган вилоят божхона органлари юқоридаги автотранспорт воситаси божхона тўловларини тўлашдан озод қилинмагани, ҳар бир автотранспорт воситаси учун тегишли тартибда божхона тўловлари тўланганидан сўнг эркин муомилага чиқарилишини билдириб, божхона юки декларациясини расмийлаштириш рад этилган.

Шундан сўнг “Ravon Avto Tex Centre”, “Namangan zoobreeding”, “Namangan auto-tex-xizmat” маъсулияти чекланган жамиятлари Наманган вилоят божхона бошқармаси мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатларини ғайриқонуний деб топиш ва мажбурият юклаш тўғрисидаги шикоят ариза билан маъмурий судга мурожаат қилишган.

Ушбу аризаларни Норин туман маъмурий суди очиқ суд мажлисида кўриб чиқди. 

Суд мажлисида сўралган аризачилар “Ravon Avto Tex Centre”, “Namangan zoobreeding”, “Namangan auto-tex-xizmat” маъсулияти чекланган жамиятлари ўзининг шикоят талабларини қувватлаб, Жанубий Корея Республикасидан олиб келинган 2019 йилда ишлаб чиқарилгани HYUNDAI PALISADE (GASOLINE) ҳайдовчи билан қўшиб ҳисобланганда 8 ўриндиқли автотранспорт воситаларини олиб келингани, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 3 февраль кунги ПФ-5326-сонли Фармонининг 8-бандига кўра, ҳайдовчи билан биргаликда 8 ва ундан ортиқ кишини ташишга мўлжалланган туризм тоифасига оид транспорт воситалари учун белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхатларга кўра, божхона тўловларини тўлашдан яъни божхона расмийлаштируви учун йиғимлардан ташқари, озод этилиши белгилангани айтиб суддан шикоятни тўлиқ қаноатлантиришни сўраган. 

Манфаатдор Наманган вилоят божхона бошқармаси вакиллари шикоятни тан олмасдан, МЧЖ жамиятларии томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 3 февраль кунги ПФ-5326-сонли Фармонига асосан Жанубий Корея Республикасидан олиб келинган HYUNDAI PALISADE автотранспорт воситаларини имтиёзли равишда олиб кириш учун Наманган вилоят божхона бошқармасига мурожаат қилингани, ҳақиқиатдан ҳам юқоридаги Фармонда туризм соҳасига оид автотранспорт воситаларига имтиёз қўлланиши кўрсатилгани, лекин айнан қайси турдаги автотранспорт воситалари туризм сохасига оид эканлиги тўғрисида бирор-бир норматив ҳужжат йўқлиги, туризм сохасига оид эканлиги тўғрисида ҳеч қандай маълумотлар йўқлигини, автомашиналар кўринишидан Ўзбекистон Республикаси ишлаб чиқарилаётган йўл танламас автомашиналар билан бир хиллиги, ушбу автомашиналар туризм сохасига алоқаси борлигини исботлаб берилмаганлиги сабабли божхона юки декларациясини тегишли тартибда расмийлаштириш рад этилганлигини баён қилиб, шикоят аризасини рад қилишни сўраган.

Суд иш бўйича томонларнинг баёнотини тинглаб, иш ҳужжатлари билан танишиб, уларни таҳлил қилинган, иш ҳужжатларига кўра, “Ravon Avto Tex Centre”, “Namangan auto-tex-xizmat” маъсулияти чекланган жамиятлари “MUSLIMA TRADING” (Корея) ва “SEOBUK CO LTD” (Корея) тузилган шартномаларга кўра, жами 7 дона ҳар бири нархи 2500 АҚШ долларидан бўлган, 2019 йилда ишлаб чиқарилган HYUNDAI PALISADE (GASOLINE) автомашиналар сотиб олинишига, шунингдек,  “Uztrade” (Корея) билан “Namangan zoobreeding” МЧЖ ўртасида тузилган шартномага кўра, 1 дона нархи 2500 АҚШ доллари бўлган, 2019 йилда ишлаб чиқарилган HYUNDAI PALISADE (GASOLINE) автомашина сотиб олинишига келишилган ва автотранспорт воситалари Ўзбекистон Республикасига етказилиб берилган.

Наманган вилояти божхона органлари томонидан эса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 3 февралдаги ПФ-5326-сонли Фармони талаблари асосида имтиёзни қўллашни рад қилиш асоси сифатида автомашиналар туризм тоифасига оид транспорт воситалари эканлиги тўғрисида ҳеч қандай маълумот йўқлиги кўрсатилган.

Суд, шикоятда келтирилган важларни ҳар томонлама текшириб, ишда тўпланган далилларга ҳуқуқий баҳо бериб, қуйидагиларга асосланиб, шикоятни асосли деб топади.  

Аризачилар “Ravon Avto Tex Centre”, “Namangan zoobreeding”, “Namangan auto-tex-xizmat” маъсулияти чекланган жамиятларининг манфаатдор Наманган вилоят Божхона бошқармасига нисбатан мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатларини ғайриқонуний деб топиш ва мажбурият юклаш тўғрисидаги шикоят аризаси қаноатлантирган.

 

Доимо хабардор бўлинг

Барча янгиликлар сизнинг смартфонингизда Мобил иловамизни юклаб олинг