«Абитуриентлар тест синовлари ўтказиладиган секторларга камида ярим соат олдин келиб, ўз ўрнини эгаллаши керак» – ДТМ мутасаддиси
Эрталабки сменада соат 6:30дан бошлаб абитуриентларни бинога киритиш бошланади, иккинчи сменада соат 15:30дан бошлаб секторларга киритиш ишлари бошланади. ДТМ бошқарма бошлиғи Диёрбек Қўчқоров ўтказилган брифингда шу ҳақдаги саволга жавоб берди.
«Аввалги икки йилги тажрибадан келиб чиққан ҳолда, тест синовлари биринчи сменда соат 8да бошланадиган бўлса, абитуриентлар камида ярим соат олдин тегишли бинода, тест синовлари ўтказиладиган секторда ўзига тегишли жойда ўтирган бўлиши керак. Шуни инобатга оладиган бўлсак, тест синовлари соат 8:00да бошланадиган бўлса, абитуриентларни соат 6:30дан киритишни ташкиллаштириш бўйича ишлар олиб бориляпти.
Иккинчи смена ҳам худди шу тартибда. Абитуриентлар ўзига белгиланган жойларга камида 16:30да ўзига тегишли жойда ўтирган бўлиши керак. Белгиланган вақтдан кечиккан абитуриентларни киритилмаслиги бўйича қоидалар бор», - деди ДТМ бошқарма бошлиғи Диёрбек Қўчқоров.
Тест синовлари стадион ва хиёбонларда ўтиши ва абитуриент рухсатномасининг шакли ва тарқатиш тартиби масалаларига бағишланган брифингда ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларга кўра, она тили фанидан расмли тестлар тушиши ҳақидаги саволга ҳам жавоб берилди.
«Ўтган йили баъзи фанлардан расмли тестлар бўлган эди. Ўтган йилги тажрибадан келиб чиқиб, жорий йилда бу бошқа фанларга ҳам қўлланган.
Саволлар қийинлигига келадиган бўлсак, абитуриентларга қўшимча шароит яратиб бериш мақсадида тест саволлари ҳам анча соддалаштирилган. Биринчи, иккинчи, учинчи қийинчилик даражаси бўлса, учинчи қийинчилик даражасидаги (энг қийин саволлар) саволлар сони камайтирилиб, биринчи қийинчилик даражасидаги (энг осон саволлар) саволлар сони кўпайтирилди.
Бундан ташқари, 3 соат вақт ажратиляпти. Буни абитуриентлар учун қўшимча қулайлик сифатида кўриш мумкин», деди Давлат тест маркази директор ўринбосари Сардор Ражабов.
Аввалроқ, ДТМ бошқарма бошлиғи Барно Ражабов Тест синовларига ҳайдовчилик гувоҳномаси ёки паспорт нусхаси билан кириб бўлмаслигини айтганди.