Суперлига сўнгги тури ва плей-офф саналарига ойдинлик киритилди
Суперлига сўнгги тури ва плей-офф саналарига ойдинлик киритилди
Суперлига 30-тур учрашувлари учун сана белгилашда Лига қандай омилларни ҳисобга олишини маълум қилди.
- "Андижон" клубининг 26 ноябрь куни халқаро мусобақа доирасида майдонга тушиши;
- 30-турда максимум 4 та учрашувда VAR техникасидан фойдаланиш имконияти мавжудлиги;
- 8 та учрашув бир вақтда старт олса, уларнинг барчасини телетрансляция қилиш имконияти чекланганлиги.
Мусобақа ўзининг қизғин палласига кириб бораётганидан келиб чиқиб, барча учрашувлар санасини ҳозирнинг ўзидаёқ эълон қилиш мураккаб. Боиси, сўнгги турда параллель ўйинлар натижасига боғлиқ бўлмаган бир ёки бир нечта учрашувни ажратиб олиш Лигага нисбатан енгиллик яратиши мумкин. Бироқ 8 та учрашувдан айнан қай бири бундай мақомда бўлиши ҳозирча маълум эмас.
“Суперлига ва Пролига регламенти”дан келиб чиқиб, Лига учрашувгача энг камида 20 кун вақт қолгунига қадар унинг жойи ҳамда санасига ойдинлик киритиши лозим. Мазкур банд клублар йўл чипталари ҳамда меҳмонхоналарга буюртма беришга улгуришини ҳисобга олган ҳолда киритилган. Сўнгги турга эътибор қаратилса, икки беллашув бу борада нисбатан ноқулайлик келтириб чиқариши мумкин. Шундан келиб чиқиб, Лига айрим масалаларга ойдинлик киритишни лозим деб топди.
Ҳар қандай ҳолатда ҳам 30-турнинг асосий учрашувлари 30 ноябрь — якшанба куни ўтказилади ва бунда учрашувлар 15:00 да старт олади. Шундан келиб чиқиб, “Нефтчи” ҳамда “Сурхон” клублари узоқ сафар учун йўл чипталарини харид қилишда мазкур санани инобатга олишлари мумкин:
Суперлига
30-тур
30 ноябрь, якшанба
"Хоразм" – "Нефтчи"
"Бухоро" – "Сурхон"
Қолган 6 учрашув меҳмонларида рақиб майдонига поезд ёки самолётсиз етиб олиш имконияти нисбатан кўпроқ. Лига улардан вазиятни тўғри баҳолаган ҳолда 30-тур учрашуви режасини ишлаб чиқаётганда мазкур ҳолатни инобатга олишни сўради. Ҳар қандай ҳолатда 30-турда юқоридаги икки учрашув натижасига бевосита таъсир кўрсатиши мумкин бўлган учрашувлар бир вақтда старт олиши таъминланади.
Яна бир неча кун ичида юқорида қайд этилгани бўйича параллел ўйинларга таъсир кўрсатмайдиган бирор учрашув ажралиб чиқса, Лига ўша учрашувни 29 ноябрь куни ташкил этиш масаласини илгари суриши мумкин. Бунда учрашув давомида VAR техникасидан фойдаланиш ва уни телетрансляция қилиш имконияти ортади. Бу билан 8 та учрашувнинг нисбатан кўпроғида мазкур масала қамраб олиниши мумкин бўлади.
Шунингдек, Суперлига мавсумини 12, 13, 14 ҳамда 15-ўринда якунлайдиган жамоалар плей-офф учрашувларида иштирок этади. Унинг биринчи босқичи регламентда белгилаб қўйилгани каби 12 ҳамда 13-ўриндан жой олган клублар майдонида бўлиб ўтади. Қуйида плей-офф ўйинлари саналари келтириб ўтилган:
Плей-офф
I босқич
5 декабрь, жума
Суперлига 12 — Суперлига 15
Суперлига 13 — Суперлига 14
Плей-офф
II босқич
10 декабрь, чоршанба
Плей-офф
III босқич
14 декабрь, якшанба


